Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






"Uzbekistan Airways" авиачипталари нархи 36 фоиздан 148 фоизгача қиммат қилиб белгиланган — сенатор
12.06.2021 15:26,  
159

Бу ҳақда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбитдин Бурханов тўхталиб ўтди.

"Жорий йилнинг 16 апрель санасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати расмий сайтида «Авиачипталар нархининг ҳаддан зиёд юқорилиги юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига сенатор сўрови юборилди» сарлавҳаси билан хабар кенг оммага эълон қилинган эди.

Мазкур хабарда юртимизда авиачипталар нархлари ҳаддан зиёд қимматлиги ва унга нисбатан аҳоли томонидан билдирилган салбий муносабатлар бўйича сўз борган. Бу ҳолатни кенг таҳлил этиш, авиачипталар нархларининг қимматлашига сабаб бўлган асосий омилларни ўрганиш мақсадида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига Сенатор сўрови юборилгани айтиб ўтилган.

Сенатор сўровига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятининг авиачипталар ва авиаташиш хизматлари ҳолати ўрганилди ва бу борада қуйидагилар маълум қилинади.

Ўрганиш натижаларига кўра, авиакассаларда “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти томонидан маҳаллий ва халқаро йўналишларда мавжуд барча тарифлар ҳақидаги маълумотлар истеъмолчиларга тўлиқ етказилмаган.

Шунингдек, “Uzbekistan airways” АЖ томонидан Тошкент-Москва бир томонлама йўналишда чипталар «багажсиз эконом» синфида 131 евродан 211 еврогача, «эконом» синфида 145 евродан 335 еврогача, «бизнес» синфида 642 евродан 862 еврогача этиб белгиланган бўлсада, авиакомпания томонидан арзон нархлардаги авиачипталар сотувга чиқарилмаган.

Бундан ташқари, ўрганишлар давомида “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан маҳаллий йўналишлар учун белгиланган нархлар бошқа давлатлардаги нархлардан қимматлиги, хусусан, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан белгиланган нархлар хорижий авиакомпанияларнинг нархларидан ўртача 36 фоиздан 148 фоизгача юқори эканлиги маълум бўлди.

Шу ўринда аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, Тошкент-Урганч (учиш вақти 1 соат 15 минут) йўналиш бўйича «багажсиз эконом» синфидаги чипта нархи ўртача 41 евро этиб белгиланган. Ҳудди шу хизмат Россия Федерациясида (Санкт-Петербург-Москва – йўналиши 1 соат 30 минут) ўртача 27 еврони ташкил этади. Бундан кўриш мумкинки, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан парвоз учун белгиланган нарх 56 фоизга қиммат. “Uzbekistan Airways” АЖнинг ушбу йўналиш бўйича «Эконом» синфидаги авиачипта нархи Қозоғистон Республикасидаги авиакомпаниядаги нархлардан 40 фоизга, Туркиядаги авиакомпания нархларидан эса 146 фоиз қиммат эканлиги аниқланди.

Шунингдек, Туркия давлатидаги ички йўналишлари бўйича «эконом» синфидаги тарифлар Ўзбекистонда қўлланилаётган ички «багажсиз эконом» тарифларидан ўртача 42 фоизга арзон эканлиги аниқланди.

Бу каби авиаташиш хизматлари бозорида қиммат нархларни ушлаб туриш сабабларидан бири рақобат муҳити ривожланмаганлиги дейиш мумкин. Чунки, авиакомпаниялар сони қанчалик кам бўлса истеъмолчиларга билдириладиган таклифлар кўлами камайиб, истеъмолчиларда авиачипталарга бўлган талаб (эҳтиёж) ортади. Табиийки бунинг натижасида эркин рақобат муҳити бузилишига олиб келади. Бу эса бозор иқтисодиётидаги талаб ва таклиф қонуниятини бузади.

Мисол сифатида ,Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича ҳафтасига 7 марта мунтазам рейслар мавжудлигига қарамай фақат 2 та авиаташувчи (“Uzbekistan Airways” ва “Air Astana”), Тошкент – Москва йўналишида ҳам 2 та авиакомпания (“Uzbekistan Airways” ва «Аэрофлот») тўғридан – тўғир парвозларни амалга оширишини айтиб ўтишимиз мумкин.

Шунингдек, мазкур йўналишларда рақобатнинг ривожланмаганлиги, авиаташувчи компаниялар ўртасида келишиб қилинадиган ҳаракатларни содир этишга замин яратади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси юқоридаги муаммоларни бартараф этиш ва келгусида фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига бир қатор таклифлар юборди. Билдирилган таклифларнинг ижро этилиши Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан назоратга олинди", деб ёзади сенатор.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан