“Uzbekneftegaz GTL” компаниясининг техник директори лавозимига хорижлик мутахассис тайинланди

“Uzbekneftegaz GTL” компаниясининг техник директори лавозимига хорижлик мутахассис тайинланди

“Uzbekneftegaz GTL” компаниясининг Директорлар кенгаши қарори билан юқори малакали мутахассис, Канада давлати фуқароси бўлган Марсел Юрген Краузе заводнинг техник директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақида “Uzbekneftegaz” АЖ Матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Янги лавозимда иш бошлаган Марсел Краузе заводни ишга тушириш, уни лойиҳа қуввати билан таъминлаш ва созлаш ишларини мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Марсел Краузе Қатардаги “Oryx GTL” заводида ўн йил техник менежер бўлиб ишлаган. У нефт ва газни қайта ишлаш ва нефт-кимё саноатида жами 33 йиллик юқори тажрибага эга.

Бундан ташқари, Марсел Краузе Канада, Чили, Таиланд ва Қатар каби мамлакатларда нефт ва газ-кимё, нефт ва газни қайта ишлаш саноатидаги қатор йирик халқаро ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш ва созлаш ишларида иштирок этган.

Марсел Краузе дунёнинг топ–50 университетлар рейтингига кирадиган “British Columbia” (Канада) университети битирувчиси, шунингдек, Британия Колумбиясининг профессионал муҳандислар ва геологлари уюшмасининг аъзоси ҳисобланади.