UzReport ТV телеканали Beeline’ни судга берди

UzReport ТV телеканали Beeline’ни судга берди

Foto.''Daryo.uz''

UzReport ТV телеканали Unitel (Beeline савдо белгисига эга) компаниясини муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айблаб судга берди.

Телеканалнинг даъво аризасида таъкидланишича, Beeline шартнома тузмасдан, UzReport ТV ва Futbol TV эфирларини ўзининг Beeline TV мобил иловасида намойиш қилиб, моддий манфаат кўриб келмоқда. Мазкур ҳаракатлари билан мобил оператори UzReport ТV телеканалининг қонуний ҳуқуқларини бузмоқда.

UzReport ТV’нинг қайд этишича, бир неча бор огоҳлантиришга қарамасдан, Beeline ҳеч қандай чора кўрмаган. Натижада телеканал низони суд орқали ҳал қилишга мажбур бўлган.

Телеканал тегишли шартнома тузмасдан Beeline ТV мобил иловасида UzReport ТV ва Futbol TV эфирларини намойиш этишни тўхтатишни сўраган.

UzReport ТV (Futbol TV) футбол бўйича Европанинг бир қатор миллий чемпионатлари (АПЛ, Ла Лига, Италия А серияси), Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, шунингдек, Жаҳон ва Европа чемпионати каби бир қатор мусобақаларнинг Ўзбекистон бўйлаб эксклюзив трансляция ҳуқуқи эгаси ҳисобланади.

Beeline муносабати

«Gazeta.uz» сўровига биноан, Beeline Uzbekistan компанияси муаллифлик ҳуқуқини бузганликдаги айбловга қўшилмаслигини ва амалдаги қонунчилик доирасида ўз позициясини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирган.

«Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан телевизион тарқатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш учун тузилган лицензия шартномасига мувофиқ, тузилган шартномага асосан ‘Ўзбекистон кабел телевидениеси’ МЧЖ Unitel МЧЖга Beeline ТV платформасида телеканалларни ретрансляциясини амалга ошириш учун ‘Ягона сигнал’ни етказиб бериш бўйича хизматларни тақдим этади», — дейилади компания муносабатида.

Beeline’нинг таъкидлашича, «Ўзбекистон кабел телевидениеси» Ўзбекистондаги Ягона сигнал — Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси томонидан тасдиқланган ОАВ телевидение маҳсулотларидан ташкил топган телевидение каналларининг (дастурларининг) белгиланган тўпламини тарқатувчиси ҳисобланади.