Вакцина сотиб олиш ва коронавирус тадбирлари учун 3 трлн сўм ажратилади

Вакцина сотиб олиш ва коронавирус тадбирлари учун 3 трлн сўм ажратилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина сотиб олиш ва умумий тадбирлар учун 3 триллион сўм ажратилади. Бу ҳақда Молия вазири Тимур Ишметов бугун бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида сўз очди. 

“Соғлиқни сақлаш тизимидаги жами тадбирлар учун 4 триллион сўм, шу жумладан коронавирусга қарши кураш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш ҳаражатлари учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда”, дейди вазир.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.

Молия вазири Тимур Ишметовга кўра, Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини яратиш учун 28 миллиард сўм, даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси учун 126 миллиард сўм маблағ, фуқароларни неврология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш самарадорлигини ошириш ҳаражатларига 138 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.