“Вақт жуда кам қолди, деҳқончиликда баҳорнинг ҳар бир куни, ҳар бир соати муҳим”, — Шавкат Мирзиёев

“Вақт жуда кам қолди, деҳқончиликда баҳорнинг ҳар бир куни, ҳар бир соати муҳим”, — Шавкат Мирзиёев

Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. 

Дунёда содир бўлаётган воқеалар сабаб жаҳон бозоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўтган асрнинг 80-йилларидагидан ҳам юқори даражаларда ўсаётгани таъкидланди.

Хусусан, март ойида дунё бўйича озиқ-овқат нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ошди. 

Айниқса, йил бошидан жаҳон бозорларида буғдой нархи – 20 фоиз, маккажўхори – 19 фоиз, озуқа донлари – 20 фоиз ва ўсимлик ёғи – 23 фоизга кўтарилди. 

Жорий йилда ёғингарчилик ҳисобига, водий, Тошкент вилояти ва Самарқандда сув захираси 20 фоизга кўпайгани билан, Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмда сув таъминоти бўйича қийинчиликлар бўлади.

Жаҳон бозорида минерал ўғитлар ва ёқилғи нархлари 2 бараварга ошгани, албатта, кластер, фермер ва деҳқонларнинг етиштираётган маҳсулотларининг таннархига ҳамда молиявий аҳволига таъсир қилади.

“Вақт жуда кам қолди, деҳқончиликда баҳорнинг ҳар бир куни, ҳар бир соати муҳим”, деди давлат раҳбари йиғилишда ва деҳқон ва фермерларимизни энг кўп қийнайдиган масалаларни санаб ўтди:

- ҳосилдор ва ишончли уруғ ва кўчат навларининг камлиги,

- пешона тери эвазига етиштирилган маҳсулот кафолатли харид қилинмаслиги.

Шу сабабли, ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш ва маҳсулотни сотиб олишга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, янги сув омборлари атрофидаги 100 минг гектардан ортиқ ерларга тадбиркорларни жалб этиб, инфратузилма яратишга ёрдам бериб, мос келадиган экинлар экишни ташкил қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда:

- ўз ҳудудидаги сув омборлари атрофидаги янги ерларнинг харитасини тузиш;

- ерларни контурларга ажратиб, уларга ирригация тармоғини лойиҳалаш; 

- ушбу майдонларда озиқ-овқат ва озуқа экинларини экишга тайёр инвесторларни жалб қилиш бўйича лойиҳа тўпламларини тайёрлаш топширилди.