Вазир Бобожоновга видеомурожаат қилган инспектор қамоққа олинди

Вазир Бобожоновга видеомурожаат қилган инспектор қамоққа олинди

Наманган шаҳар ИИБ собиқ профилактика инспектори С.О. бошқа фуқароларнинг номига олинган жами 81,4 млн. сўм кредит маблағларини талон-торож қилганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 168 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди. 

Гумонланувчи турли баҳоналар билан терговга келишдан бош тортиб, яширинганлиги сабабли унга нисбатан сиртдан айб эълон қилиниб, 13 ноябрь куни суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган ва унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида 14 ноябрь куни айбланувчи ушланиб, ҳимоя ҳуқуқлари таъминланган ҳолда терговга жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал ушбу ходимнинг вазир Бобожоновга видеомурожаати эълон қилинганди. Унда мурожаатчи Наманган шаҳар ИИБ, 2-сонли ИИБ да содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар юзасидан шикоят қилган.