Вазир: «Мактабларни эпидемик ўчоққа айлантириб қўйишга ҳаққимиз йўқ»

Вазир: «Мактабларни эпидемик ўчоққа айлантириб қўйишга ҳаққимиз йўқ»

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида мактабларда 2020-2021 ўқув йилини ташкил этишда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Вазир ўз сўзида пандемия шароитида долзарб муаммоларни санаб, уларнинг ечимларига ҳам тўхталиб ўтди. Мисол учун, мамлакатимиздаги мавжуд 9942 та мактабнинг барчаси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан бу муаммо ҳал этилиши муҳимлиги таъкидланди:

«Санитария хизмати марказлари шу йилнинг 5 сентябрига қадар ўз ҳудудларидаги ўқув даргоҳларини тайёргарлик ҳолатини ўрганиб, мактаб жамоасини текширувчи бўлиб эмас, балки уларга  ҳар жиҳатдан амалий кўмак бериб, дарс жараёнларида эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш борасида тренинг ва репетициялар ўтказиши зарур.

480 минг нафардан ортиқ ўқитувчи фаолият кўрсатадиган ва 6,2 миллион нафардан ошиқ ўқувчи таҳсил оладиган таълим муассасаларини эпидемик ўчоққа айлантириб қўйишга ҳаққимиз йўқ».

Йиғилишда таълим муассасаларининг 1 057 тасида тиббиёт хоналари мавжуд эмаслиги, тиббиёт хоналари ва изоляторларни ташкил этишда маҳаллий ҳокимликлар ва халқ таълими мутасаддиларига тиббиёт ходимлари ўз тавсиялари ва кўрсатмалари билан яқиндан ёрдам бериши айтилди.

Бундан ташқари, мактаб ошхоналарининг ҳолати, уларнинг санитария талабларига жавоб бериши зарурлиги, сифатига шубҳа қилинган овқатларни муассаса ҳудудига киритиш ва ноқонуний савдонинг олдини олиш кераклиги, кўп мактабларда ҳожатхоналарнинг ҳам гигиена талабларига жавоб бермаслиги каби қатор муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.