Vazirlar 490 mln, hokimlar 245 mln so‘mgacha bo‘lgan xizmat mashinalarini minadi

Vazirlar 490 mln, hokimlar 245 mln so‘mgacha bo‘lgan xizmat mashinalarini minadi

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат авторанспорт воситаларини бириктириш меъёрлари тасдиқланди.

Унга кўра:

  • Вазирлар, давлат қўмиталари раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — БҲМнинг 2000 баравари (490 млн сўм)дан;
  • Уларнинг ўринбосарлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — 1500 баравари (367 млн 500 минг сўм)дан;
  • Туман ва шаҳар ҳокимлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — БҲМнинг 1000 баравари (245 млн сўм)дан;
  • Давлат бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, туман, шаҳар ҳокими ўринбосарлари хизмат автотранспорти нархи — БҲМнинг 700 баравари (171 млн 500 минг сўм)дан ошмаслиги белгиланди.

Шу билан бирга, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларга ўтказиб бериш автотранспортдан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди (фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган автотранспорт воситалари бундан мустасно).

Қарорга кўра, давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат авторанспортлари икки ой ичида хатловдан ўтказилади ва белгиланган меъёрлар бўйича лимитдан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари рўйхати шакллантирилади.

Бундан ташқари, шакллантирилган рўйхат асосида ортиқча хизмат автотранспорт воситалари 2021 йил 1 августга қадар электрон аукцион савдоларига қўйилиши белгиланди.

Шунингдек, давлат органлари ходимларининг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадларида фойдаланганликлари учун компенсация тўлаш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси (уч ой муддатда) ишлаб чиқилиши қайд этилди.