Вазирлар Маҳкамасининг икки нафар ходимига коронавирус юққани тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг икки нафар ходимига коронавирус юққани тасдиқланди

16 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 230 нафар беморнинг 20 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, кеча 17 июнь куни эса 189 нафар бемордан 13 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи ҳам, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати ҳам кишида хавотир уйғотиши табиий.

17 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 5 нафар, Бухоро вилоятида 3 нафар, Тошкент вилоятида ҳам 3 нафар, Сурхондарё вилоятида эса 2 нафарни ташкил этди.

Жумладан, Тошкент шаҳри ички ишлар тизими терговчисида, Миробод туманида яшовчи фуқарода (иккаласида ҳам тана ҳарорати кўтарилган ва томоқда оғриқ кузатилганлиги сабабли ўзлари бориб намуна топширган), “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖнинг 2 нафар мутахассисида (ишга чиқиш учун намуна топширган) касаллик қайд этилган.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Халқ банки филиали ходими ва унинг онасида, Сирдарё вилоятидаги электр станцияси ишчиси ва унинг ўғлида (тана ҳарорати кўтарилган ва Бекобод туманидаги шифохонага ётқизилган), Чирчиқ туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилган ва тез тиббий ёрдам хизмати орқали юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган), Бухоро вилояти кўз касалликлари шифохонасининг 3 нафар тиббиёт ходимида ҳам инфекция аниқланган.

Бугун айни пайтга қадар касаллик аниқланган 15 нафар бемордан 9 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилган. Жумладан, улар орасида Вазирлар Маҳкамасининг икки нафар ходимида ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Ҳозирда пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.