«Вазият ниҳоятда оғир, лекин ҳаёт давом этяпти» — Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазият ҳақида

«Вазият ниҳоятда оғир, лекин ҳаёт давом этяпти» — Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазият ҳақида

Ўзбекистон ва Покистон етакчиларининг музокаралари якунлари бўйича 15 июль куни Кўксарой қароргоҳида ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хон Афғонистондаги вазият ҳақида сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё».

«Музокаралар давомида минтақавий хавфсизликни таъминлаш, айниқса, Афғонистонда тинчлик жараёнларига ҳисса қўшишда қандай ҳамкорликни амалга оширишимиз бўйича батафсил фикр алмашдик. Афғонистондаги вазият бизни ниҳоятда хавотирга солади. Умумий мақсадимиз битта – Афғонистон заминида тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатишни истаймиз. Бу йўлда қўлимиздан келган ҳамма кўмакни кўрсатамиз.

Барчаларингизни хабарингиз бор, биз икки йилдан бери жуда катта ҳаракатлар қилиб, Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешовар темир йўли қуриш масаласи бўйича кўплаб қўшни ва ҳамкор мамлакатлар билан атрофлича келишиб олдик. Вазият ниҳоятда оғир, лекин ҳаёт давом этяпти.

Бугун Афғонистон президенти билан уч соатдан кўпроқ мулоқот қилдик, Покистон бош вазири Имрон Хон билан ҳам бу борада суҳбатлашдик. Бизнинг ғоямиз, ташаббусимиз бўлган ушбу йирик лойиҳани амалга оширишда катта келишувларга эришдик», — дейди Шавкат Мирзиёев.