Вилоятларда коронавирусга қарши эмланмаган ходимларга қонуний чора кўрилади

Вилоятларда коронавирусга қарши эмланмаган ходимларга қонуний чора кўрилади

“Республикамизга аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнини сифатли ташкил этиш мақсадида хорижий давлатларда лаборатория текширувларидан ўтган ва юқори баҳоланган вакциналар олиб келинди. Ҳудудларда ташкил этилган эмлаш пунктлари ва эмлаш мобил бригадалари томонидан дастлаб 65 ёшдан юқори ва кейинчалик 18 ёшдан катталарни бепул эмлаш ишлари ташкил этилди.

Вакцина – ягона чора бўлгани сабабли мамлакатимизда аҳолини эмлаш бўйича бир қанча қонун-қоидалар ишлаб чиқилди. Унга кўра, COVID-19га қарши эмланиш мажбурий қилиб белгиланди. Бу каби қонунларга амал қилмаслик ҳолатлари устидан қаттиқ назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Айни пайтда юртимизнинг барча вилоятларида назорат тадбирлари бошланган”, — деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров хабарида.

Илк натижаларга кўра, Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан вилоятда 1863 та текшириш тадбирлари ўтказилган ва 6526 нафар фуқаро вакцина олмагани аниқланган. Улардан 1402 нафари тадбиркорлик субъектлари ва 5035 нафари эса бюджет ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролардир.

Бу каби фуқароларга албатта қонунчиликда белгиланган талабларга амал қилмагани учун қонуний чоралар кўрилди. Бундай ҳолатлар Тошкент вилоятида 3608тани ташкил этади. Булар орасида 3229 нафар ходим вақтинча ишдан четлаштирилган, 374 нафари тегишли тартибда жаримага тортилган бўлса, бештаси фаолияти тўхтатилган объектлардир.

Таъкидланишича, бошқа вилоятларда олиб борилаётган назорат тадбирларининг натижалари ҳам тез орада эълон қилинади.