Халқ банки пенсия пуллари кечикиши сабабини маълум қилди

Халқ банки пенсия пуллари кечикиши сабабини маълум қилди

Жорий йилнинг май ойидан бошлаб Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида истиқомат қилувчи пенсия ва нафақа олувчиларга АТ Халқ банки томонидан банк карталари тўлиқ очилди. Ўз навбатида, Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва нафақалар учун 1,4 трлн. сўм миқдоридаги маблағлар тўлиқ молиялаштириб берилди.

Бир вақтнинг ўзида 480 мингдан ортиқ пенсия ва нафақаларни банк карталарига юкланиши АТ Халқ банкининг электрон ахборот тизимида юқори даражада юклама келтиришига сабаб бўлди. Яъни, Пенсия жамғармаси томонидан ҳар бир пенсия ва нафақа олувчи тўғрисида юборилган файллар Халқ банки серверлари базасидаги фуқароларга очилган карта маълумотлари билан автоматик тарзда солиштирилиб, тасдиқлангандан сўнггина пенсия ва нафақа маблағлари тегишли банк карталарига ўтказилди.

Қолаверса, 2020 йил май ойининг дастлабки кунлари дам олиш кунларига тўғри келганлиги боис пенсия пуллари 4 май санасидан бошлаб банк карталарига юкланиши бошланди.

Шунингдек, пенсия ва нафақа олувчи барча фуқароларга банк карталари фуқароларнинг яшаш манзилларига АТ Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан олдинги пенсия тарқатиш графиги бўйича етказиб берилади.

Мазкур банк карталаридан фуқароларнинг хоҳишига кўра стерилланган маблағлар нақдлаштириб берилади.

Бунда бугунги кунга қадар фуқароларга етказиб берилган банк карталаридан ҳам мазкур графикда белгиланган саналарда нақдлаштириш имконияти бўлади.

Пенсионерларнинг банк карталаридан маблағларни нақдлаштириш учун ҳеч қандай ҳақ олинмайди.

Қайд этиш зарурки, банк карталарини фуқароларнинг яшаш манзилларига етказилиши ҳолати ўрганилганда, баъзи туман бўлимларида, пенсия ва нафақа олувчиларга банк карталарини тарқатишда фуқароларнинг бир жойга тўпланиш ҳолатлари кузатилмоқда.