Халқ таълими вазири 3та «лэптоп» олиб келибди. Уларда пул бор, бизда йўқ — Ғаниев депутатларда ресурслар етишмаслиги ҳақида

Халқ таълими вазири 3та «лэптоп» олиб келибди. Уларда пул бор, бизда йўқ — Ғаниев депутатларда ресурслар етишмаслиги ҳақида

Тошкент беш ташаббус ҳаракати доирасида ёшлар билан мулоқотда қатнашган Дониёр Ғаниев нега бугунги кун ёшлари депутат бўлишга қизиқмаслиги ҳақида берилган саволга жавоб қайтарди.

«Халқ таълими вазири учта лэптоп олиб келибди деб ўқиб қолдим. Совға қилиб беришдими? Мана депутат бўлишни нега хоҳлашмайди, вазир бўлишни хоҳлашади. Чунки вазирда лэптоп олиб келиш учун пул бор, ресурс бор, лекин бизда йўқ. Энг қизиғини айтайми, ўша вазир олиб келган ноутбук пулини биз тасдиқлаб берамиз. Бўзчи белбоққа ёлчимас деган гап бор-ку. Депутатлар вазирликларга пулни тақсимлаб берамиз-у, лекин ўзимизда пул ҳам, ресурс ҳам йўқ. Энг ачинарлиси вазирлардаги бор битта ёрдамчимиз ҳам йўқ.

Энди масалага объектив-субъектив ёндашадиган бўлсак, бу мамлакатнинг эски давридаги сиёсати билан боғлиқ. Мамлакатда узоқ йилларда сиёсий эркинлик, сўз эркинлиги бўлмагани учун, парламент ҳам тизимга номига легал статус бериш учун ҳам мавжуд бўлган, лекин ҳеч қандай функционал вазифаларини бажармаган. Мана сўнгги йилларда бу босқичма-босқич ўзгариб боряпти. Мана ҳозир Расул Кушербоевни танимайдиган, унга ўхшашни истамаган ёшлар деярли йўқ. Ҳамма улардек депутат бўлишни истайди.

Иккинчи томондан ёшлар, аҳолининг ўзига ҳам боғлиқ. Бир гап бошласанг, бизда «ўчир овозингни, сиёсатга аралашма», дейишади. Лекин олтин қоида борки, сиз сиёсатга аралашмасангиз, сиёсат сизнинг ҳаётингизга аралашади. Депутат дегани бу қандайдир мансаб эмас, депутат бу ишонч дегани, мамлакат одамларининг вакили сифатида сиёсий жараёнларга қатнашиш дегани. Одамларимиз онгида сиёсат ёвуз куч, сиёсат кир ўйинлар сифатида эмас, балки бу ҳар бир фуқаро иштирок этиши керак бўлган жараён эканлигини тушунсак, сиёсий онгимиз ҳам ошади ва шунда депутат бўлишга иштиёқ ҳам ошиб боради. Буларнинг барчаси учун вақт керак албатта», деди Ғаниев.