“Xatirchi Textile” МЧЖни инқирозга олиб келишга уринаётганларнинг манфаати устунми?

“Xatirchi Textile” МЧЖни инқирозга олиб келишга уринаётганларнинг манфаати устунми?

Эл сўзи билан айтганда, бу инсон чинакам қаҳрамон! Илгари Хатирчининг олис бир нуқтаси бўлмиш одам оёқ босса ботқоқликка ботадиган, хали ўзлаштирилиб улгурилмаган хароба ер бугун мутлақо таниб бўлмас маконга айлантирилган. Миришкор тадбиркор Завқиддин Маҳмудовнинг катта меҳнати, саъйи-ҳаракатлари билан Чувак қишлоғида “Xatirchi Textile” масъулияти чекланган жамияти замонавий корхона қад ростлади. Эндиликда қишлоқ кишилари ишли бўлиб, оилаларига даромад кирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 28 мартда Навоий вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 июндаги “2017-2018 йилларда Навоий вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 366-сонли қарорига асосан “Асакабанк”га Навоий вилояти, Хатирчи туманида 6,2 минг тонна ип-калава, 6 миллион.кв.метр газлама ва 4000 тонна бўялган ип маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга текстил корхонасини ишга тушириб, 1000 та янги иш ўринларини яратиш топшириғи берилган эди.

Афсуски, юрт раҳбари томонидан берилган топшириқлар натижаси Хатирчида кўнгилдагидек эмас. Дастлаб, “Xatirchi Textile” МЧЖ корхонасининг ишга туширилиши 2021 йилнинг май ойига тўғри келди. Аслида эса корхона ўз фаолиятини юқорида айтилган муддатдан олдин эрта бошлаши керак эди. Бироқ, ҳозирга кунга қадар корхона электр энергияси таъминоти масаласида турли тўсиқлар билан курашиб келмоқда. Шу сабабдан, корхона тўлиқ қувват билан ишга тушиб кетолмаган. Таъкидланишича,  айрим амалдорларнинг босими остида қолган корхонанинг фаолият юритишига имкон берилмаслик, тезроқ инқирозга олиб келинишга бўлаётган ножоиз ҳаракатлар тадбиркорни сарсону-саргардон аҳволга солиб қўйган. Ўз ўрнида, биз корхона билан боғлиқ муаммо кўлами кенгроқ эканини инобатга олиб, бунинг тарихига бироз тўхталиб ўтамиз.

Даставвал, 2017 йил 4 апрелда Навоий вилояти, Хатирчи тумани Ягона дарча марказидан №500437 рўйхатдан ўтказилиб, “Асакабанк” таркибидаги  “Asaka Capital Invest” МЧЖ (М.Бўронов) таъсисчилигида “Xatirchi Textile” МЧЖ ўртасида кредит шартномага асосан ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича ташкил этилди.

2020 йил 2 мартда 2017 йил 29 июндаги Хатирчи туман ҳокимининг 1116-сонли қарорига ўзгартириш киритилиб, 358-сонли қарорга асосан А.Навоий массиви ҳудудидан “Xatirchi Textile” маъсулияти чекланган жамиятига 282 қ-контуридан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан 8 гектар ер майдони ажратилган. 

“Asaka Capital Invest” маъсулияти чекланган жамияти таъсисчилигидаги “Xatirchi Textile” маъсулияти чекланган жамияти ва “Темур Малик” МЧЖ ўртасида 2017 йил 27 июлда  748 516 823 (етти юз қирқ саккиз миллион беш юз ўн олти минг саккиз юз йигирма уч) сўмга текстил фабрикасида қурилиш монтаж ишларини бажариш учун ХТ/2/2017 сонли пудрат шартномаси тузилган. 

Шартномага асосан, 2017 йил 1 август №22 тулов топшириқномасига асосан 450.0 минг (тўрт юз эллик миллион) сўм, 2017 йил 17 сентябр №33 тулов топширикномасига асосан 200.0 минг (икки юз миллион) сум, 2017 йил 7 октябр №43 тулов топширикномасига асосан 500.0 минг (беш юз миллион) сум жами 1150,0 минг (бир миллиард бир юз эллик миллион) сўм “Asaka Capital Invest” маъсулияти чекланган жамият таъсисчилигидаги “Xatirchi Textile” маъсулияти чекланган жамияти томонидан “Темур Малик” МЧЖ ҳисоб рақамига тўлаб берилган.

Бундан ташқари, “Xatirchi Textile”МЧЖ томонидан “Темур Малик” МЧЖ  ҳисоб рақамига 2200,0 минг (икки миллиард икки юз милион) сўм қўшимча келишувга асосан бино қурилиш ишларини бажариш учун тўлаб берилган.

“Xatirchi Textile” МЧЖ томонидан “Темур Малик” МЧЖ  ҳисоб рақамига жами 3 350,0 минг (уч миллиард уч юз эллик миллион) сўм тўланган бўлиб, “Темур Малик” МЧЖ томонидан бажарилган ишлар тасдиқланган смета лойиҳалари асосида далолатномалар тузиб топширилмаган.

2018 йил 19 майда объектда бажарилган қурилиш монтаж ишлари жойида чиқиб  Ўзбекистон Республикаси “Асакабанк”, “Xatirchi Textile” МЧЖ, “Qiziltepa Beton qurilish montaj sеrvis” МЧЖ, “Темур Малик” МЧЖ ходимлари томонидан назорат  ўлчови ўтказилиб смета ҳужжатлари билан таққосланганида, жами 2 375 132 711.0 (икки миллиард уч юз етмиш беш миллион бир юз ўттиз икки минг етти юз ўн бир минг) сўмлик қурилиш ишлари бажарилганлиги аникланган.

“Xatirchi Textile” МЧЖ томонидан қурилиш монтаж ишлари учун “Темур Малик” МЧЖ  билан шартнома тузилган бўлиб ҳисоб рақамига жами 3 350 000 000.0 (уч миллиард уч юз эллик милион) сўм  кўчириб берилган лекин бажарилган ишлар 2 375 132 711.0 (икки миллиард уч юз етмиш беш миллион бир юз ўттиз икки минг етти юз ўн бир минг) сўмни ташкил этиб қурилиш монтаж ишларига нисбаттан олганда 974 867 289 сўмлик (тўққиз юз етмиш тўрт милион саккиз юз олтмиш етти минг икки юз саксон тўққиз) қурилиш монтаж ишлари бажарилмаганлиги аниқланган.

Юқоридаги қарздорликни ундириш бўйича 2019 йил 11 июнда Кармана туманлараро иқтисодий судига №64 сонли даъво аризаси киритилган бўлиб, 2019 йил 12 августда 4-2101-1903/2171-сонли ҳал қилув қарори қабул қилиниб Тошкент шаҳар Яшнабод тумани мажбурий ижро бюросига юборилган бўлсада ҳалигача ундирилмасдан келинмоқда.

2018 йил 21 май кунидаги “Xatirchi Textile” МЧЖ таъсисчиларнинг №3 баёнига “Asaka Capital Invest” маъсулияти чекланган жамият томонидан молиялаштириш тўхтатилганлиги сабабли “Темур Малик” маъсулияти чекланган жамият билан тузилган шартнома бекор қилинган.

2018 йил 27 мартдаги “Asaka Capital Invest” маъсулияти чекланган жамият бошқарув йиғилишининг №: 27 баёни билан “Qiziltepa Beton qurilish montaj sеrvis” маъсулияти чекланган жамият 2 000 500 000 (икки миллиард беш юз минг) сўм маблағ билан “Xatirchi Textile” маъсулияти чекланган жамиятга таъсисчи сифатида кирган.

2018 йил 21 майда “Xatirchi Textile” маъсулияти чекланган жамияти ва “Qiziltepa Beton qurilish montaj sеrvis” маъсулияти чекланган жамиятиниг ўртасида текстил фабрикасида қурилиш монтаж ишларини ўз айланма маблағлари ва ўзи ишлаб чиқарган қурилиш материаллари ҳисобидан бажариш тўғрисида №ХТ/3/2018 йил шартнома имзоланиб қурилиш монтаж ишлари бошлаб юборилган. “Asaka Capital Invest” МЧЖ ва “Xatirchi Textile” маъсулияти чекланган жамияти  устав фондидаги улуши 3700 000 000.0 (уч миллиард етти юз миллион) сўм 38,17 % фоизини, “Qiziltepa Beton qurilish montaj sеrvis” МЧЖ улуши 5 994 323 904 (беш миллиард тўққиз юз тўқсон тўрт миллион уч юз йигирма уч минг тўққкиз юз тўрт) сўмни ёки 61,83 % ни ташкил қилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун “Асакабанк” АЖ Навоий филиали томонидан калава ип ишлаб чиқариш, бўяш ва бўз мато ишлаб чиқариш ускуналари сотиб олиш мақсадида Commerzbank AG(13 891 413,00 евро), Turkeximbank (1 946 032,50 евро) хорижий банклар ҳамда банкнинг ўз маблағлари (2 500 649.25 евро эквивалентида миллий валютада) ҳисобидан жами 18 338 095,0 евро миқдорида кредит маблағи ажратиш бўйича 2018 йил 15 июнда 290/1-сонли кредит шартномаси тузилиб, кредит маблағлари ажратилган. Кейинчалик 2020 йил 12 майда “Xatirchi Textile” МЧЖ ва Туркиянинг “Cancelik Elektrik Pano San.Tik.LTD.STI” ўртасида №:8 сонли электр жиҳозлари олиш учун шартнома имзоланган бўлиб, “Асакабанк” АЖ томонидан 507.0 минг АҚШ доллар миқдорида кредит маблағи ажратилган ва таъминотчига 457.0 минг доллар кўчириб берилган бўлиб, 50.0 минг АҚШ доллар ҳозирги вақтгача “Асакабанк” томонидан кўчириб берилмаганига қарамасдан, корхона ўз маблағлари ҳисобидан электр дастгоҳларини келтириб ўрнатган.

Шунингдек, “Xatirchi Textile” масъулияти чекланган жамияти 2019 йилда  прокуратура томонидан асоссиз равишда ишга тушмаган лойиҳага кўзғатилган жиноят иши бўйича ҳисоб рақамлари 7 ойга ёпиб қўйилганлиги ва 2020 йилда пандемиядаги чекловларга ва бошқа молиявий қийинчиликларга қарамасдан, корхона ўз маблағлари ҳисобидан 2020 йилнинг 4-чорагида текстил фабрикасининг ип калава ва мато ишлаб чиқариш бинолари битказилиб, текстил дастгоҳлари тўлиқ ўрнатилди.

Бироқ, вақтинчалик равишда бўлса ҳам 2021 йилнинг июнь ойида Хатирчи пахта тозалаш заводининг ҳаво электр узатиш линиясидан корхонанинг бир қисми ип-калава ишлаб чиқариш цехига етадиган қувватда электр энергияси билан таъминланади. Мато тўқиш биноси ҳамда ип-калавани бўяш биносида эса тўлиқ дастгоҳлар ўрнатилишига қарамасдан, электр энергияси қуввати етмаслиги сабабли техник ускуналарни ишлатиш имкони бўлмади. Оқибатда, иш унумдорлиги яна сустлигича қолаверди.

2021 йил 23 июнда “Xatirchi Textile”  МЧЖ ва Хитойнинг “XIAMEN ITG GORUP CORP.LTD” ўртасида экспорт шартнома имзоланган бўлиб, шартнома шартларига асосан, жами 200 тонна 620 минг АҚШ долларлик ип- калава маҳсулоти етказиб бериш мажбуриятини олиб, ўз вақтида маҳсулот етказиб берилган.

Таассуфки, “Асакабанк” томонидан текстил фабрикаларини қуриш ва янги иш ўринларини яратиш лойиҳалари бўйича Бухоро вилоятининг Пешку туманида “Пештекс инвест” МЧЖ, Қашқадарё вилояти Нишон туманида “Нишонтекстил” МЧЖ, Қарақалпоғистон Республикасида Шимбай тумани “Шимбайтекстил” МЧЖ ларда тақдимот қилиниб, биронта лойиҳа тўлиқ ишга тушмаган, сарфланган маблағлар эса талон-тарож қилинган.  

Ҳўш, корхона учун электр энергияси нега шу чоққача берилмай келинди? Корхона масъуллари “Xatirchi Textile” МЧЖни электр энергияси билан таъминлаш учун талаб этиладиган 16000 КВТ кучланишли электр подстанциясини қуриш учун амалий ёрдам сўраб, бир неча жойга мурожаат этган. Лекин бу масала бўйича мутасаддилар томонидан ханузгача эътибордан четда қолдириб келинган.

“Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Нормат Тўлқинович Турсунов тайинлангандан сўнг, бир ой ичида вилоят ҳокими кўмагида тумандан бизнинг текстил фабрикамизга етадиган электр энергияси қуввати  аниқланиб, 2022 йилнинг 22 февралда электр тармоғига улаб берилди. Бунгача Навоий вилоят ҳокими бўлиб ишлаган Қобил Бекназарович Турсунов томонидан текстил фабрикасини электр таъминоти билан таъминлаш  ишларига панжа орасидан қаралди. Чунки, у кишининг  укаси Фурқат Бекназарович Турсунов Хатирчи тумани пахта кластри бўлган “Бахттекстил” МЧЖ бошлиғи вазифасида ишлаб келаётиб,  улар томонидан атайин текстил фабрикасини туманда мавжуд бўлган электр энергия тармоғига улаттирмай, сунъий равишда “Xatirchi Textile” масъулияти чекланган жамиятини банкротлик ҳолатига олиб келиб, ўзлари эгалик қилишга ҳаракат қилишди. Буни қаранки, таниш-билишчилик, хўжайинлар соясига қуллуқ қилгувчи “Асакабанк” ҳам дабдурустдан ўзи таклиф этган шерикчилик фаолиятини тўхтатиб, “Xatirchi Textile” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан “уруш” очиб, Президент топшириқларини бузиб, бажаришдан бош тортмоқда”, – дейди корхона масъуллари.

Халқимизда бир пурмаъно гап бор, биров тузаркан, биров эса бузаркан. Кўриниб турибдики, тадбиркор бошлаган иш манзил яримида сўниб қолган. Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган ислоҳот бўйича мазкур саноат зонасида сифатли хом-ашёни ишлаб чиқариш учун етарли техник имкониятларга эга бўлинсада, аммо айрим сабабларга кўра кўзланган натижа хамон амалга ошмаяпти. Ҳўш, энди шу ерда бир савол туғилади, Навоий вилоятдаги филиали бўлмиш "Асакабанк" бизнесдаги ҳамкор шериги бўлмиш инвесторни жалб этишга этгану, бироқ Президент илгари сурган лойиҳа доирасидаги ишлар негадир ярим йўлда қолдирилиб, эндиликда тадбиркор билан тузган шартномавий келишувларни бузиб, хали судга, хали эса гаров билан мол-мулк сифатида тортиб олиш билан алдов йўлларига ўтмоқда экан? Нега? Ташабускор, элга манфаат келтириш учун халоллик билан ишлашга киришган Завқиддин Маҳмудовни пароканда аҳволга солиш нега банк учун керак бўлиб қолдийкин? Ёки юқорида айтилганидек, учта вилоятдаги ҳамкор шерикларни барбод қилганидек, навбат Хатирчи текстилни ҳам шу кўйга солиши, айни дамда юрт раҳбарининг қўйган режасига банк томонидан совуққонлик билан қараш эмасми? Ёки ўзига зимдан шерик бўлган манфаатдор кимсаларнинг "закасной" фойдасига ҳал қилиб, "Асакабанк" ноғорани чалиб,  "ўйин" бошлашими бу? Афсуски, жамият юзига тушган манфатпарастлик, коррупция, тамагирлик, кўзбўямачилик, тарафкашлик ваҳоказо, бошқа иллатлар касали "ин" қураверар экан, миллат равнақи гуркирамайди! Тушовларни олиб ташлаш вақти келди! Хали ҳам кеч эмас. "Асакабанк" ҳамкор шериги "Хатирчи текстил"га қулоқ осиб, иш юритишлари керак. Масалага фақат бир ёқлама ёндашиш керак эмас.  Аҳир, Чувак қишлоғида хамон минглаб халқ иш билан таъминланишларини, қора қозони қайнашини кутиб яшашмоқда. Бунда Навоий вилояти ҳокимлиги ва Хатирчи туман ҳокимлиги ҳам қўл қовуштирмай, 4 йилдан буён бош суқиб эшиги қолмаган, Президент топшириғини бажаришга астойдил собит қадам ташлаган Завқиддин Маҳмудовнинг юрт равнақи йўлида бошлаган ишини адолатли ҳал этилишида жиддий назоратга олишларини сўраймиз! Албатта, биз мавзуга яна қайтамиз.

Кўрсатувни тўлиқ ҳолда видеода кузатишингиз мумкин.

Шерзод Деҳқонов, Human.uz