Хатирчи “замҳоким”и ишдан олинди

Хатирчи “замҳоким”и ишдан олинди

Хатирчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Воҳид Авлонов лавозимидан четлатилди. Унга нисбатан жиноят иши очилган. Бу ҳақда туман ҳокимининг тегишли фармонида келтирилган.

Қайд этилишича, Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Воҳид Авлонов жорий йилнинг 25 ноябридан лавозимидан четлатилган.

Туман ҳокимининг бу ҳақдаги фармойишига асос сифатида “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 255, 259-моддалари ва жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2021 йил 22 ноябрдаги ажрими кўрсатилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 29-боб (лавозимдан четлаштириш) 255-моддасида келтирилишича, айбланувчи, судланувчи ўз иш жойида қолса, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга ёки жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга тўсқинлик қилади ёхуд жиноий фаолиятини давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, улар лавозимидан четлаштирилиши мумкин.

Туман ҳокимининг яна бир фармонига мувофиқ, Воҳид Авлоновнинг зиммасидаги лавозим вазифалари вақтинчалик — туман ҳокимининг ўринбосари-туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Баҳодир Неъматов зиммасига юклатилган.

Бош прокуратура Матбуот хизматининг маълум қилишича, Хатирчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Воҳид Авлоновга нисбатан Жиноят кодексининг 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209- (Мансаб сохтакорлиги) моддалари билан жиноят иши очилган.

Жиноят иши 30 ноябрь куни айблов хулосаси билан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.