Xiaomi смартфонлари эгалари, коронавируснинг навбатдаги зарбасига тайёр туринг!

Xiaomi смартфонлари эгалари, коронавируснинг навбатдаги зарбасига тайёр туринг!

Жорий йилнинг февралида Xiaomi Mi A3 смартфонига Android 10 талқинидаги прошивка тарқатилиши режалаштирилган эди. Аммо компания бу ишни камида яна бир неча ҳафтага кечиктириши маълум бўлди.

Хабарларга кўра, Xiaomi ва Redmi брендлари остидаги бошқа смартфонларни ҳам шу қисмат кутмоқда. Яъни, корпорация ўз мобил телефонлари учун янгиланган прошивкалар тарқатишни тўхтатиб турибди. Бу эса Хитойда авж олган ва бошқа мамлакатларга ҳам тарқала бошлаган коронавирус эпидемияси билан боғлиқ.

Компаниянинг Ҳиндистон бўлинмаси менежерларидан бири – Сумит Сонал аниқлик киритишича, коронавирус карантини сабабли аксарият Xiaomi ходимлари ўз иш жойларига қайта олмаяптилар. Уларнинг барчаси муддати номаълум бўлган меҳнат таътилига чиқарилган.

Сумит Соналга кўра, Xiaomi ўз смартфонлари учун Android янгиланишларини имкон бўлиши билан тайёрлаб тарқатиш учун барча чораларни кўради. Аммо компания учун ўз ходимларининг соғлиғи ва хавфсизлиги асосий тамойиллардан биридир.

Xiaomi умумий ҳисобда бир неча ўнлаб смартфонларини, шу жумладан ҳамёнбоп моделларни ҳам Android 10 талқинигача янгилашни режалаштирган. Юқорида келтирилган Mi A3 эса Android One дастури доирасига киради – унда MIUI график қобиғи йўқ. Яъни, унинг учун апдейтнинг мослаштирилиши унчалик кўп вақт ва меҳнат талаб этмайди. Лекин компания ҳатто шуни ҳам кечиктираётган экан, бошқа моделларнинг яқин орада янгиланишини кутмасак ҳам бўлаверади.