Хитой аҳолиси камаймоқда — Экспертлар

Хитой аҳолиси камаймоқда — Экспертлар

2021 йил охирида Хитойнинг тўққизта, жумладан, Хэбэй, Цзянсу, Хунань, Хубэй, Шаньси, Хэйлунцзян ва бошқа провинцияларида аҳолининг табиий қисқариши кузатилаётгани хабар қилинди.

Хитойлик экспертларнинг қайд этишича, ҳозир демография соҳасида салбий тенденциялар пайдо бўлмоқда.  

– Хитойда туғилиш даражасининг пасайиш кўрсаткичи узоқ муддат давом этиши мумкин, – дейди хитойлик демограф Хуан Вэньчжэн. – “Учинчи фарзанд” сиёсати баъзи муаммоларни юмшатиши мумкин, бироқ қисқа муддатда бу тенденцияни тубдан ўзгартириши ўта қийин масала.  

Таъкидланишича, демографлар Хитой аҳолисининг камайишини туғиш ёшидаги аёллар сонининг камайиши, шунингдек, тиббий хизмат ва таълим харажатлари юқорилиги туфайли фарзанд кўришни истамайдиган ёшлар сони кўпайиши билан боғлаяпти.  

Бундан ташқари, мамлакатда ажралишлар даражаси ҳам юқори. Хитой Миллий статистика бюроси маълумотига кўра, ўтган йил туғилиш даражаси ҳар минг кишига 7,52 тани ташкил қилган. 2021 йилда Хитой ҳукумати оилаларга учинчи фарзанд кўришга рухсат берди. Ушбу чора демографик тузилмани такомиллаштириш ва мамлакат аҳолисининг қаришига қарши курашиш стратегиясини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.  

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1970 йиллар охирида ХХР туғилиш даражасини чеклашга қаратилган қатъий демографик сиёсат олиб борди. Бир нечта истиснолардан ташқари, оилаларга фақат битта фарзанд кўришга рухсат бериларди.  

Эслатиб ўтамиз, Хитойда 2020 йил охирида ўтказилган еттинчи аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакат аҳолиси 1,41 миллиард кишини ташкил қилди.