Юз миллиондан ортиқ хитойликнинг телефонига ўрнатилган «Буюк миллатни ўрган» номли илова ёрдамида фойдаланувчилар кузатиб борилади, дея ёзади Washington Post. Ушбу маълумотни АҚШнинг эркин интернетни қўллаб-қувватловчи Open Technology Fund ташкилоти тақдим этган.
“Буюк миллатни ўрган” иловаси жорий йилнинг бошида ишга туширилган. Унда мамлакат раҳбари Си Цзиньпинга бағишланган матнлар ва видеолар, шунингдек фойдаланувчиларнинг бу материаллардан хабардорлигини аниқловчи танловлар мавжуд. Хабарда айтилишича, Коммунистик партия аъзолари ушбу иловани ўрнатишга мажбурланган.
Open Technology Fund мазкур иловани таҳлил қилиб, у орқали телефон эгасининг маълумотларини махфий равишда қўлга киритиш мумкин деган хулосага келди. Масалан, фойдаланувчининг ёзишмалари ва расмларини, интернетда нималар билан машғул бўлгани ҳақидаги маълумотни олса ва аудиоёзув режимини ишга туширса бўлади. Экспертларнинг айтишича, “Буюк миллатни ўрган” иловаси телефон эгасининг ишлари ҳақида ҳар куни ҳисобот жўнатиб туради.
«Хитой ҳукумати одамларнинг кундалик ҳаётини кузатишни кенгайтиряпти», – дейди Open Technology Fund вакили Сара Аун.