АҚШ ҳарбийларини лаққа туширган Хитой жосусининг интернетдаги ҳайратомуз “ов”лари

АҚШ ҳарбийларини лаққа туширган Хитой жосусининг интернетдаги ҳайратомуз “ов”лари

Сингапурлик интилувчан фан номзоди Жун Вей Ё 2015 йили Пекинда маъруза ўқишга таклиф қилинганда, боши осмонга етган эди. Бироқ бу сафар унинг бўлажак жосуслик фаолиятига дебоча бўлиши хаёлига ҳам келмаган эди. Бу ҳақда Би-Би-Си мақоласи билан танишинг.

Жун Ёнинг докторлик диссертацияси мавзуси ҳам Хитой ташқи сиёсатига бағишланган эди.

Маърузадан сўнг Диксон номи билан ҳам маълум Жун Ёнинг ёнига ўзларини Хитойдаги таҳлил маркази ходимлари сифатида таништирган одамлар келадилар.

Улар "сиёсий ҳисоботлар ва маълумотлар" етказиб бериш эвазига пул тўлашга тайёр эканликларини маълум қиладилар.

Жун Ё, тез орада, бу шахслар, аслида, Хитой махфий хизматлари агентлари эканини англаб етади, лекин улар билан алоқани узмайди.

Аввалига, "таҳлилчилар" Жун Ё Жанубий-Шарқий Осиё давлатларидаги ўзгаришларга диққат қилишни сўрайди, кейинроқ уларнинг қизиқиши АҚШ томон юз тута бошлайди.

Шу тариқа Жун Ё америкалик терговчиларга Диксон Ё номи билан маълум бўлган Хитой жосусига айланади.

Жун Ё ўз ишининг профессионаллари йиғилган LinkedIn сайтида сохта консалтинг компанияни рўйхатдан ўтказиб, америкалик "ўлжалари"ни тузоққа тушира бошлайди.

Орадан беш йил ўтиб - Хитой ва АҚШ муносабатлари портлаш нуқтасига етай деган пайтлар Вашингтон Америка ҳудудини Пекинга ишловчи жосуслардан тозалашга бел боғлайди.

Оқибатда, 39-яшар Диксон Ё ҳам қўлга тушиб, "хорижий жосус" эканига иқрор бўлади ҳамда 10 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Бу хабарни эшитган Сингапурдаги нуфузли Ли Куан Ю Давлат Сиёсати Мактаби жамоати ҳайратдан лол қолади. Ё шу мактаб талабаси эди.

"У курсдаги жуда фаол ўқувчи эди. Уни доим зеҳни ўткир шахс сифатида кўрар эдим", сўзлайди мактаб битирувчиларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, Ё ижтимоий тенгсизлик ҳақида кўп гапирган, болалигида оиласи пулдан қийналганини такрорлашдан чарчамаган.

Бироқ шу мактабда ишлаб кетган бир инсон Ёни "такаббур" шахс, дея тасвирлайди.

Ёнинг номзодлик диссертацияси бўйича раҳбари, хитойлик-америкалик нуфузли профессор Ҳуанг Жинг "хорижий мамлакат агенти" эканликда айбланиб, 2017 йилда Сингапурдан чиқариб юборилган эди.

Ҳозирда Пекинда яшаётган профессор Ҳуанг Жинг бу айбловларни доимо рад этиб келган.

Суд ҳужжатлари орасидаги Ёнинг кўрсатмаларида у хитойлик раҳнамолари билан Хитойнинг турли ҳудудларида учрашиб, улардан топшириқлар олиб келгани айтилади.

Ё иш излаётган ва карьера қуриш ниятидаги профессионаллар тармоғи бўлмиш LinkedIn орқали кўплаб муҳим танишлар орттирган.

Собиқ ҳукумат хизматчилари ва ҳарбийлар хусусий сектордаги "ёғли" иш ўринларини эгаллаш илинжида 700 миллиондан зиёд аъзоси бор бу тармоқда ўзларини мақташдан уялмайдилар.

Шу сабабдан маълумот манбасини топиш ёки бўлажак агентларни ёллаш истагида юрган хавфсизлик хизматлари учун LinkedIn нақ хазинанинг ўзи бўлиб кўринади.

Шу йилнинг май ойида АҚШнинг Марказий Разведка Агентлиги собиқ зобити Кевин Маллори хитойлик агентга ҳарбий сирларни сотгани учун 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Маллори агент билан LinkedIn'да танишган.

Ё ҳам ўзига керакли маълумотларни қўлга киритишда тармоқдан фаол фойдаланиб келган.

У тармоқда ўзи танишган одамлардан сохта консалтинг компанияси учун ҳисоботлар тайёрлаб беришни сўрар, сўнг йиғилган маълумотларни Хитойга юборар эди.

Ё билан танишганлардан бири АҚШнинг Ф-35 ҳарбий учоғи дастурида ишлаган ва у судда ўша вақтлар пулдан қийналиб қолганини тан олган.

АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Хитойга қандай таъсир қилиши мумкинлиги тўғрисида ҳисобот тайёрлаб берган яна бир америкалик зобитга эса Ё, камида, $2000 тўлаган.

Бундай муҳим контактларни топишда Ёга LinkedIn алгоритми катта ёрдам берар эди - у бирор керакли шахсни тармоқдан топса, унга алоқадор профессионаллар профили Ёнинг кўз ўнгида пайдо бўлаверар эди.

Ё раҳнамолари маслаҳати билан, асосан, ўз ишидан норози ёки пулдан муаммоси бор мутахассисларни излаб топишга ҳаракат қилар эди.

Ёнинг LinkedIn'даги сохта компаниясининг номи аллақачон нуфузга эришган ҳақиқий консалтинг компаниясиники билан бир хил эди.

У контактларни ўзига жалб қилиш учун компаниясидаги "бўш иш ўринлари"ни эълон қилиб турар ҳам эди.

Судда Ё фаолияти давомида 400 дан ортиқ ишга кириш аризасини қабул қилгани, аризаларнинг 90 фоизи АҚШ ҳукумати ва армияси ходимларидан келганини маълум этган.

Аризаларнинг айримларини Ё Хитойга йўналтирган.

"Дунёдаги кўплаб махфий хизматлар LinkedIn'дан керакли маълумотларни излаб топишда фойдаланади, деб ўйлайман. Сабаби одамлар у ерда ўзининг меҳнат фаолияти ҳақида бор маълумотни жойлаштиришга ҳаракат қилади", дейди Хитойнинг жосуслик фаолияти тўғрисидаги китоб муаллифи Метю Бразил.

Унинг изоҳлашича, консалтинг компаниялар учун ҳисоботлар ёзиб беришни сўраш жосусларнинг маълумот тўплашдаги янги усулидир. Олинган маълумот, кейинроқ, махфий маълумотнинг манбасига айланиши мумкин.

"Бу анъанавий савдо-сотиқнинг замонавий кўринишидир".

АҚШ расмийларидан бири Ё иши Хитой "Америка жамияти очиқлиги"ни қандай суиистеъмол қилаётганига ёрқин мисол эканини айтган.

Аҳолиси деярли 6 миллион бўлган Сингапурнинг эса АҚШ билан алоқалари анчайин қалин.

Бироқ аҳолисининг аксар қисмини этник хитойликлар ташкил этувчи бу мамлакат, бир вақтнинг ўзида, Пекин билан ҳам илиқ муносабатни сақлашга интилади.

Сингапур фуқаросининг Хитой жосусига айлангани эса Америка ҳукумати ва жамиятида сингапурликларга нисбатан шубҳани орттириб юборишидан хавотирлар пайдо бўлган.

Сингапур ҳукумати эса Ёнинг мамлакат махфий хизматлари билан алоқада бўлганига далиллар топилмаганини маълум қилган.