Хитой-ўзбек вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш вақтинча тўхтатилди

Хитой-ўзбек вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш вақтинча тўхтатилди

9 августдан бошлаб Ўзбекистондаги барча эмлаш пунктларида захирадаги Хитой давлатидан келтирилган хитой-ўзбек ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини фақат биринчи доза билан эмлаш ишлари амалга оширилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ҳудудий бошқармаларга юборилган кўрсатма хатида келтирилган.

Хатга кўра, алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар бир ҳафта давомида аҳолини иккинчи ва учинчи доза хитой-ўзбек вакцинаси билан эмлаш ишлари тўхтатилади.

ССВ иммунизация ишлари бўйича раҳбари Дилором Турсунованинг (кўрсатма хатга имзоси қўйилган) «Газета.uz»га маълум қилишича, Ўзбекистонда келтирилган вакциналарнинг ҳисоб-китобини тўғрилаб олиш, emlash.uz сайтига тўғри маълумотларни киритиш ҳамда вакцинанинг иккинчи ва учинчи дозасини олишни режалаштирган фуқаролар рўйхатини тартибга солиш учун бир ҳафталик топшириқ берилган.

«Чунки таҳлил қилганимизда кўрдикки, биринчи доза билан эмлаш жуда катта рақамларда, иккинчи доза билан эмлаш эса ундан уч баравар кам. Биз ҳамма рақамларни тўғри билиб олишимиз кераклиги сабаб бир ҳафта муддат бердик», — дея қўшимча қилади у.