Хитойга ерёнғоқ экспортига йўл очилди

Хитойга ерёнғоқ экспортига йўл очилди

Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида ўтказилаётган Халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмасида юртимиздан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда. Ушбу кўргазма доирасида ўтказилган музокаралар натижасида жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон ва Хитой карантин хизматлари ўртасида мамлакатимиздан Хитойга ерёнғоқ экспорт қилишга доир келишув имзоланди.

Мазкур келишувда ерёнғоқни экспорт қилувчи тадбиркорлар учун қуйидаги асосий талаблар белгиланган:

- ерёнғоқ етиштириладиган далалар, уни қадоқлаш цехлари, сақлаш омборхоналари Хитой ва Ўзбекистон карантин хизматларининг биргаликдаги рўйхатидан ўтказилиши;

- ерёнғоқ, нўхат донхўри, омборхона зарарли куяси, тегирмон парвонаси, омборхона узунбуруни, барг канаси, қора моғор касаллиги каби зараркунандалардан ҳоли бўлиши;

- маҳсулот тупроқдан ҳоли ҳамда бегона ўт, уруғлар, ўсимлик қолдиқлари ва қум ёки шағал билан аралаштирилмаган бўлиши;

- ерёнғоқ етиштириладиган дала Ўзбекистоннинг ўсимликлар карантини инспекторининг доимий назоратида бўлиши, маҳсулотни қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва ташиш инспектор назорати остида амалга оширилиши;

- маҳсулот қадоғи тоза, гигиеник, ҳаво ўтказадиган ва янги материаллардан иборат бўлиши;

- ҳар бир қадоқда аниқ қилиб, хитой ёки инглиз тилида “本产品输往中华人民共和国/This consignment is exported to the Peopleʼs Republic of China” деб ёзилиб, маҳсулот номи, уни етиштирган, ишлаб чиқарган, қайта ишлаган ва сақлаган корхонанинг номи ва рўйхатга олиш рақами каби маълумотлар кўрсатилиши.

Келишувнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Диққат! Белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда юкланиб, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар чегара пунктларидан қайтарилишига сабаб бўлиши мумкин.

Талабларга жавоб берувчи дала, қадоқлаш цехлари ва сақлаш омборлари эгалари рўйхатдан ўтиш (реестрдан жой олиш) учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига мурожаат қилишлари сўралади. Мурожаат учун телефон: +998 71 255-28-51, +998 71 255-73-23.

Веб-сайтимиз: www.karantin.uz.

Эслатиб ўтамиз: жорий йилнинг1-2 ноябрь кунлари Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцяннинг республикамизга амалга оширган расмий ташрифи давомида Ўзбекистондан Хитойга янги узилган анорни экспорт қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда учинчи мамлакат ҳудудидан транзит орқали Хитойга экспорт қилиш бўйича келишувлар имзоланган эди.

Шу асосда, эндиликда экспортёрлар ерёнғоқни ҳам Қозоғистондан Харгос ва Алашанкоу, Қирғизистондан Иркештам ва Тургарт чегара ўтказиш пунктлари орқали Хитойга автотранспортда олиб ўтишлари мумкин.

Маълумот ўрнида: Ҳозирги кунга қадар Хитойга 13 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспортига рухсат олишга эришилган бўлиб, ҳозирда қўшимча равишда 11 турдаги маҳсулотлар экспортига рухсат олиш бўйича музокаралар давом этмоқда.

Экспортга рухсат этилган маҳсулотлар: гилос, қовун, аччиқ қалампир, анор, мош, қобиқсиз грек ёнғоғи, ерёнғоқ, ширин бодом, аччиқ бодом, узум данаклари, кунжут, шунингдек қуритилган маҳсулотлардан:майиз, ўрик қоқиси.

Рухсат олиниши кутилмоқда: узум, лимон, олхўри, шафтоли, ўрик, ловия, тариқ, шунингдек, қуритилган маҳсулотлардан: аччиқ қалампир, олча, олхўри, қовун.

“Ўздавкарантин” инспекцияси
Ахборот хизмати