Хитойлик доктор: Расмийлар коронавирус далилларини яширган ва йўқотган

Хитойлик доктор: Расмийлар коронавирус далилларини яширган ва йўқотган

Хитойда илк коронавирус ҳолларини ўрганган ва беморларга ташхис қўйган шифокорнинг айтишича, мулозимлар илк вирус тарқалишига оид ҳақиқатни беркитишган бўлиши мумкин.

Би-би-си билан суҳбатда бу ҳақида билдирган профессор Квок-Юнг Юэннинг ишонишича, маҳаллий амалдорлар илк паллалардаги ҳақиқий аҳволни хаспўшлашган.

Ухандаги аҳволни текширишда қатнашган шифокорнинг урғулашича, бу борадаги далиллар йўқ қилинган ва юзага келган ҳолатга қарши жавоб чоралари жуда секин кечган.

"Биз Ухан бозорига борганимизда, у ерда ҳеч нарса кўзга ташланмасди. Чунки бозор аллақачон тозалаб қўйилган эди" - деган профессор.

"Айтиш мумкинки, жиноят жойига дахл қилинган ва супермаркет тозаланган эди. Шу боис биз вирус одамларга қаердан юққанини билолмадик".

Унинг гумон қилишича, Уханда маҳаллий доирада ҳақиқатни яшириш йўлида ҳатти-ҳаракатлар қилинган.

"Зудлик билан маълумотни бериши керак бўлган маҳаллий мулозимлари бу ишни чин дилдан қилишмади".

Хитой коронавирус тарқалган илк паллаларда етарлича ҳаракат қилмаган, деб танқидга тутилади.

Хусусан, ўтган декабрь ойида янги вирус ҳақида ўз ҳамкасбларини огоҳлантиришга интилган хитойлик шифокор жазоланган ва полиция унга жим юришни айтган.

Доктор Ли шундан кейин коронавирусни юқтирган ва оламдан ўтганди.

Бироқ Хитой расмийлари коронавирус тарқалган кезлари вируснинг қақшатқичлиги ҳақидаги маълумотларни яширмаганини айтиб, айбловларни рад этади.