Хизматлар 158 та қишлоқ туманларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб ривожлантирилади

Хизматлар 158 та қишлоқ туманларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб ривожлантирилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йил режалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Қайд этилганидек, биринчи йўналишда – хизматлар 158 та қишлоқ туманларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, ривожлантирилади. Ушбу туманларнинг 70 тасида 150 минггача, 88 тасида 300 минггача аҳоли яшайди.

Энг аввало, йирик туристик объектлари мавжуд 45 та ҳамда 40 та тоғли ва тоғолди туманда “тайёр лойиҳа” асосида туризм хизматлари йўлга қўйилади.

– Масалан, Шаҳрисабз туманининг “Наврўз”, “Мираки”, “Оқдарё” ва “Ҳисор” ҳудудларига йилига 500 мингга яқин сайёҳлар келади. Лекин, йўл, мобиль алоқа ва интернет, меҳмонхона, умумий овқатланиш инфратузилмаси ривожланмагани боис, сайёҳлар бир кунга келиб, уларга ўртача 150 минг сўмлик хизмат кўрсатилмоқда. Агар ушбу ҳудуддаги 65 километр йўлни таъмирлаб, интернет ва мобиль алоқа ҳал қилиб берилса, хизматлар 3-4 баробарга ошади,– деди давлатимиз раҳбари.

Худди шундай Қамашида жаҳонда саноқли ва ноёб бўлган “Майданак” обсерваторияси ҳамда XIV аср ёдгорлиги ҳисобланган “Лангар ота” масжидига бутун дунёдан туристларни жалб қилса бўлади. Бироқ, ушбу объектларга олиб борувчи 38 километр йўл таъмирталаб бўлгани учун бу салоҳиятини тўлиқ ишга солиб бўлмаяпти.

– Энди, туристик салоҳияти юқори бўлган туманларнинг “мастер плани” ишлаб чиқилиб, зарур инфратузилма билан таъминланади, ерлар тадбиркорларга тайёр лойиҳа билан аукционга чиқарилади. Бу ишларни дастлабки босқичда бошлаши учун 200 миллиард сўм ажратилади,– деди Президентимиз.

Мутасаддиларга бир ҳафта муддатда ушбу маблағларнинг молиявий манбаларини аниқ белгилаб, Президент Администрациясига ахборот киритиш вазифаси топширилди.

Янги меҳмонхона, дам олиш масканлари уч йил давомида мол-мулк ва ер солиғини 2 баробар паст ставкада тўлайди;

- туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этилиб, уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада, мол-мулк ва ер солиқлари эса, ҳисобланган суммадан 1 фоизи миқдорида белгиланади;

- оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида, меҳмон уйларини ташкил этиш ва таъмирлаш учун ҳам имтиёзли кредит ажратилади.

Бунинг учун келгуси йилда 500 миллиард сўм йўналтирилади.