Хоразмда аёлни станок «ютиб юборди». Прокуратура тафсилотларни маълум қилди

Хоразмда аёлни станок «ютиб юборди». Прокуратура тафсилотларни маълум қилди

Хонқа тумани, Мустақиллик маҳалласида жойлашган «Қорақош таъмир пласт сервис» ХКда ёлланма ишчи М. Собирова иш жараёнида кархонанинг пластлик маҳсулотларни майдалаш бўлимидаги техника хавфсизлиги талабига жавоб бермайдиган қўлбола усулида ясалган пластик маҳсулотларни майдаловчи станокнинг ичига тушиб кетган. Фожиа акс этган видео бугун ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Воқеа 2021 йил 8 июль куни соат 9:15 ларда содир бўлган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.  

Бунинг оқибатида аёл чап елка соҳаси юқори учлигидан ва чаноқ-сон бўғимидан чап оёғи жароҳатдан кейинги тўлиқ ампутацияси билан боғлиқ тан жароҳатлари билан вафот этган. Ҳолат бўйича 8 июль куни ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

Корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиниши бўйича вилоят бандликка кўмаклашиш бош бошқармаси томонидан текшириш ўтказилган.

Текширишда фуқаро М. Собированинг вафот этишига корхонада ходимларнинг хавфсизлик техникаси талаб ва қоидаларига риоя қилишлари устидан бўлган назорат сустлиги, ходимларга хавфсиз меҳнат усуллари ўргатилмаганлиги, белгиланган тартибда ишчилар меҳнат муҳофазаси бўйича ўқитилмаганлиги, корхонада ишлар нотўғри ташкил этилиши ва иш жойида хавфсиз меҳнат шароити яратилмаганлиги, марҳума техника хавфсизлиги қоидаларини билмаслиги, тажрибасизлиги, ўзбошимчалиги, шошма-шошарлик қилиб, майдалаш ва ювиш ускунаси ичига тушиб, пластик чиқиндилардан тозалашга уринганлиги сабаб бўлганлиги аниқланган.

Шу боис, корхона раҳбари Ш. Нурметов ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбланувчи тариқасида ишда иштирок этиш учун жалб қилинган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда.