Хоразмда реклама мониторидаги беҳаё видео бўйича суд бўлиб ўтди

Хоразмда реклама мониторидаги беҳаё видео бўйича суд бўлиб ўтди

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан 1978 йилда туғилган И.И.га нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, И.И. хусусий корхонада ҳайдовчи лавозимида ишлаб, қўшимача равишда корхонага тегишли мониторларга реклама жойлаш вазифасини бажариб келган. 31 март куни И.И. Урганч шаҳрининг Аль-Хоразмий ва Хонқа кўчаси чорраҳасида ўрнатилган реклама мониторига 20 тадан ортиқ видеоматериални жойлаган ва мониторда порнографик мазмундаги видео намойиш этилишига сабабчи бўлган.

Суд ҳуқуқбузарнинг кўрсатмаси, ишга доир ҳужжатларни ўрганиб қарор қилди. Унга кўра И.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари(13 млн. 500 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Видеоматериалларни мониторга жойлашда фойдаланилган мобил телефон ва симсиз интернет тармоғига уланиш аппарати давлат фойдасига мусодара қилинди.