Хоразмда шифокорлар туғруқ вақтида она ва боланинг умрига зомин бўлишди

Хоразмда шифокорлар туғруқ вақтида она ва боланинг умрига зомин бўлишди

Хива шаҳар, “Мевастон” маҳалласи, К.Девоний кўчаси, 10-уйда яшаган, 12.06.1985 йилда туғилган Мадаминова Динара Зафарбоевна Хива туман тиббиёт бирлашмасига қарашли акушерлик комплексида кесар кесиш амалиёти вақтида вафот этди. Бу ҳақда Хоразм вилояти прокуратураси хабар берди.  

Аниқланишича, 12.06.1985 йилда, Хива шаҳрида туғилган фуқаро Мадаминова Динара Зафарбоевна 2021 йил 2 февраль куни соат 11:40 ларда Хива ТТБга қарашли акушерлик комплексига “4-хомиладорлик, 4-туғиш, ГР-40 ҳафта 6 кун, сохта туғруқ”  ташхиси билан қабул қилинган.

2021 йил 3 февраль куни соат 10.30ларда бемор Д.Мадаминованинг жинсий аъзосига туғруқ чақирувчи махсус “ГЛАНДИН-Е” дори воситаси қўйилган. Шу куни соат 18:05да бемор Д.Мадаминовада туғруқ фаолияти бошланган, ушбу вақтда унга “ҳомиладорлик IV, 40 хафта 6 кун, туғруқ IV. туғруққача қоғоноқ пардасини ёрилиши, туғруқнинг I-даври” ташхиси қўйилган. Соат 18:35да (мунтазам туғруқ фаолияти бошланганидан сўнг 20 дақиқа ўтгач) бемор аҳволи кескин оғирлашган. Бутун баданида оғриқ бўлаётганлиги, ҳаво етишмаслиги, кўз олди хиралашганлигидан шикоят қилган. Эс-хуши карахт ҳолатда, саволларга аниқ жавоб бермаган, пульси 1 дақиқада 110 зарба, артериал қон босими 80/40мм.симоб устунига тенг бўлган, бачадон тонуси ошган, ҳомилада юрак уриши аниқланмаган.

Шу куни, соат 19:10да бемор Д.Мадаминовада кесер кесиш амалиёти бошланган, 19:13 да ўғил жинсли чақалоқ ўлик ҳолда олинган. Чақалоқ вазни 4180 грамм, узунлиги 53 см. бўлган. соат 19:25да беморда клиник ўлим содир бўлганлигиги сабабли кесер кесиш амалиёти вақтинча тўхтатилган ва 20:40да амалиёт қайта давом эттирилган.

Беморга юритилган 428|51-сонли тиббий баёнга кўра, Д.Мадаминовада соат 22.40 да биологик ўлим қайд этилган. Ўлимдан кейинги ташхис: “бачадон экстирпациясидан кейинги холат, юрак қон томир етишмовчилиги II-III даражаси, қон айланишининг бузилиши II-III даражаси”.

Бундан ташқари, Хива шаҳар, “Мевастон” маҳалласи, К.Девоний кўчаси, 10-уйда яшаган, 12.06.1985 йилда туғилган фуқаро Мадаминова Динара Зафарбоевна 2021 йилнинг 3 февраль куни кесир кесиш жарроҳлик амалиёти вақтида Хива туман тиббиёт бирлашмасига қарашли акушерлик комплексида соат 22:40ларда вафот қилганлиги ҳолати юзасидан Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий Маркази Хоразм филиали томонидан суд-тиббий ва комиссиявий суд-тиббий экспертизалари ўтказилган.

Жумладан, 20.02.2021 йилдаги 5-сонли суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра Д.Мадаминова ўлимига “бачадон бўйин орқа девори йиртилиши, кесир кесиш амалиётидан кейинги ҳолат, бачадондан қон кетиши (постгеморагик шок) оқибатидаги ўткир юрак ва қон томир етишмовчилиги” сабаб бўлган.

Ушбу ўлим сабаби  Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий Маркази Хоразм филиалининг 02.03.2021 йилдаги 108-сонли комиссиявий суд-тиббий экспертиза хулосаси билан ўз тасдиғини топган.

Шунингдек, 108-сонли комиссиявий суд-тиббий экспертиза хулосасида Д.Мадаминовани даволаш ишлари (кўрик, дори воситалари) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги туғруқ муассасаларида перинатал ёрдам кўрсатишнинг сифатини ошириш бўйича миллий стандартлар ҳамда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан белгиланган қоидаларга асосан тўғри ташкил қилинмаганлиги, яъни йўлдошнинг вақтидан олдин кўчиши ва қон кетиши бўлганидан оператив туғруқ амалга оширилиши зарур бўлсада, Д.Мадаминовада кесир кесиш жарроҳлик амалиёти даволовчи ва навбатчи шифокорлар томонидан кеч бошланганлиги, амалиёт бошлашдан олдин бемор аҳволи тўлиқ баҳоланмаганлиги  ҳамда Д.Мадаминованинг ўлимига сабаб бўлган “бачадон бўйин орқа девори йиртилиши, кесар кесиш амалиётидан кейинги ҳолат, бачадондан қон кетиши (постгеморагик шок) оқибатидаги ўткир юрак ва қон томир етишмовчилиги” масъул шифокорларнинг ҳатоликларга йўл қўйганлиги оқибатида келиб чиққанлиги, шунингдек, Д.Мадаминовнинг аҳволи оғирлиги, гемодинамик кўрсатгичларининг пастлиги акушер-гинекологлар томонидан жарроҳлик амалиёти тактикаси нотўғри танланганлиги, яъни юқоридаги миллий стандартларга  кўра бачадон девори йиртилиб, ўткир қон кетиши кузатилганилганида тўғридан-тўғри бачадон экстирпацияси ўтказиш кераклиги қайд қилинган.

Бундан ташқари, экспертиза хулосасига кўра, беморни операцияга ўз вақтида тайёрлаб, операция орқали уни чақалоғи олинганида, чақалоқ ва беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони мавжуд бўлган.

Ваҳоланки, Д.Мадаминовага нисбатан юритилган касаллик тарихида ўлим сабаби “бачадон экстирпациясидан кейинги холат, юрак қон томир етишмовчилиги II-III даражаси, қон айланишининг бузилиши II-III даражаси” қилиб кўрсатилган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Хива шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижаси бўйича 2021 йил 3 март куни бемор Мадаминова Динара Зафарбоевнанинг Хива туман тиббиёт бирлашмасига қарашли акушерлик комплексида вафот қилганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.