Хоразмда туман суди раиси ЙТҲ оқибатида вафот этди. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари бошланди

Хоразмда туман суди раиси ЙТҲ оқибатида вафот этди. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари бошланди

Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман судининг раиси Мақсудбек Қиличев автоҳалокат сабаб вафот этди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мақсудбек Қиличев 1978 йилда туғилган бўлиб, фаолиятини «Халқ банки» Хива филиалида оддий ишчи сифатида бошлаган. Олий ўқув юртини тамомлагандан сўнг, фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилояти судида котиб, Хива туман товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси ахборот маслаҳат консалтинг марказининг ҳуқуқий маслаҳатчиси, адвокатлик фирмаси раҳбари вазифаларида ишлаган.

2012—2017 йилларда жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман судининг раиси, вафотига қадар жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

«Xabar.uz» нашрининг Хоразм вилояти ИИБдаги манбасига таяниб ёзишича, йўл-транспорт ҳодисаси 17 май куни тонгда юз берган.

Дастлабки маълумотларга кўра, соат 05:30—06:00 ларда Мақсудбек Қиличев шахсий автомашинасида Хива шаҳрининг халқ тилида «Обвандная» кўчасида кетаётиб, хавфли айланма бурилишига етганда бошқарувни йўқотган. Оқибатда йўл бўйидаги дарахтга урилиб, воқеа жойида вафот этган.

Ҳозирги вақтда Хива шаҳар ИИБ ҳамда шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.