Хоразмлик ҳуқуқ ҳимоячиси вафот этди

Хоразмлик ҳуқуқ ҳимоячиси вафот этди

28 август куни Хоразмдаги «Нажот» инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раиси Ҳайитбой Ёқубов 65 ёшида вафот этган.

Amerika Ovozi хабар беришича, у узоқ йиллар давомида мажбурий меҳнат, коррупция ва адолатсизликка қарши курашган, фермерлар ва ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

Ўзбекистонда ҳокимият алмашганидан кейин бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари билан бирга Ҳаитбой Ёқубов давлат органлари ва халқаро ташкилотлар ўтказадиган турли лойиҳа ва тадбирларга таклиф этила бошланди. Аммо у 2000 йилда асос солган ташкилот ҳали ҳам рўйхатдан ўтказилмаган. 2018 йилда Amerika Ovozi`га берган интервьюсида у рўйхатдан ўтказиш учун 19 марта ариза берганини таъкидлаган.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси марҳумнинг яқинлари, дўстлари ва ҳамкасбларига таъзия билдирди. Хабарга кўра, Ҳайитбой Ёқубов «29 йил инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида фаолият юритган ва Ўзбекистондаги ҳуқуқбонлик фаолиятининг пайдо бўлиши билан бевосита боғлиқдир».

«У Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари стандартларини шакллантиришга катта ҳисса қўшди. Биз унинг, айниқса, Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида, лавозимини суиистеъмол қилиш ва фундаментал ҳуқуқлар барча кўринишдаги бузилиш ҳолатларидан азият чекканларни қўллаб-қувватлашга бўлган улкан садоқати ва тайёрлигидан руҳланардик», — дейилади хабарида.