Хорижда ишловчи фуқаролар солиқ тўлайдими? Солиқ қўмитаси изоҳ берди

Хорижда ишловчи фуқаролар солиқ тўлайдими? Солиқ қўмитаси изоҳ берди

Президентнинг ПҚ-4829-сонли қарорига мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлар ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилгани сабабли, интернет тармоқларида меҳнат муҳожирлари учун солиқ жорий этилаётганлиги тўғрисида маълумотлар тарқалмоқда. Ушбу хабарлар юзасидан Давлат солиқ қўмитаси ўз муносабатини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 369-моддасига  мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан  олинадиган даромад солиғидан озод этилади.  

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун Пенсия жамғармасига ИХТИЁРИЙ РАВИШДА ижтимоий солиқ тўлаши мумкин, бу 2020 йил учун энг камида БҲМнинг 50% миқдорида белгиланган, бу ҳозирги вақтда 111 500 сўмни ташкил этади.

Шу билан бирга, агар чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, унда Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлашнинг ҳожати йўқ.

Ушбу чора меҳнат муҳожирларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, келажакда уларни моддий ҳимоя қилиш кафолати бўлиб хизмат қилади.