Хотинига ишлатилган памперсни едирган самарқандлик эркак 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

Хотинига ишлатилган памперсни едирган самарқандлик эркак 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

Самарқандда турмуш ўртоғига мажбурлаб памперс едирган эркакка суд суд ҳукми ўқилди.

Маълум бўлишича, 1 декабрь, сешанба куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Зарифа Аҳмедова турмуш ўртоғини аёвсиз калтаклаб, унга памперс едирган Ш.К. устидан чиқарилган суд ҳукмини эълон қилган.

Суд ҳукмига кўра 1985 йил Самарқанд шаҳрида туғилган Ш.К. Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) ва 105-моддаси 2-қисми «г» банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, келгусида мазкур тоифадаги жиноятлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар белгиланиши учун судланувчи яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинига, жиноятни квалификация қилишдаги йўл қўйилган хато ва камчиликларни муҳокама қилиб тегишли чора кўриш мақсадида тергов органига ҳам хусусий ажрим чиқарилган.

Судланувчи Ш.К. сўнгги сўзида суддан узр сўраб, бундай ишларни такрорламаслигини, уч ой ичида барча қилмишларини тушуниб етганлигини билдирган. Шунингдек, қўйилаётган айбловнинг ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш (103-модда) қисмини тан олмаслигини, турмуш ўртоғини калтаклаганини эса тан олишини айтган. Жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова эса судга ишонишини ва унинг чиқарган қароридан розилигини айтиб, турмуш ўртоғи томонидан суд бошидан буён унга нисбатан кўплаб бўлмаган гаплар айтилганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, август ойида ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида эри томонидан аёвсиз калтакланаётгани акс этган аёл видеоси тарқалиб кетган эди. Маълум бўлишича, эр аёлни мунтазам хўрлаган ва мажбурлаб памперс едирган. Эркак турмуш ўртоғини ургани тасвирланган видео интернетда тарқалгач уйидан қочиб кетган. 23 август куни эркак Тошкентда қўлга олиниб, Самарқандга олиб кетилган. Кейинроқ Сенат мазкур аёл билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олганди.

Мазкур иш бўйича бошланган дастлабки суд мажлисида хотинига памперс едирган эркак судда ОАВ иштирок этмаслигини сўраган бўлса, жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова эса мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг ёритилганлиги ва муҳокама қилинганлиги учун судда ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирокига қаршилик қилмаслигини билдирган. Суд музокарасида сўз олган прокурор рафиқасига мажбурлаб памперс едирган эркакни 8,5 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраганди.