Яккабоғ ҳокими 311 млн сўмга Captiva харид қилмоқчилигини маълум қилди. Туман депутати эса шу пулни муҳтожларга сарфлашни таклиф қилди

Яккабоғ ҳокими 311 млн сўмга Captiva харид қилмоқчилигини маълум қилди. Туман депутати эса шу пулни муҳтожларга сарфлашни таклиф қилди

Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев 311 миллион сўмга Captiva харид қилмоқчилигини билдирди. Туман кенгаши депутати эса шу пулни муҳтожларга сарфлашни таклиф қилди. Бу ҳақдаги видеони Элмурод номли блогер Telegram’да оммага улашди.

Видеода туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаев Captiva русумли хизмат автомобили республиканинг барча ҳудудларидаги туман ва шаҳар ҳокимларида мавжудлигини, жумладан, Қорақалпоғистон республикаси туманлари ҳамда водий вилоятлардаги маҳаллий ҳокимлар Captiva’ли ҳоким эканлигини айтиб, сессия қатнашчиларидан баҳайбат машина харид қилиш ҳақидаги қарорини тасдиқлашни сўрайди.

Мазкур таклифга фикр билдирган депутат — Назира Элмуродова ҳокимнинг янги автомобиль харид қилишига қарши эканлигини айтиб, шу пулни муҳтожларга сарфлаш таклифини берган.

Telegram’да тарқалган видеони изоҳлаган туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасанов янги автомобиль харид қилиш муҳокамасига бағишланган сессия 2021 йил 12 май куни бўлиб ўтганини билдирди.

«Шу куни сессияда 25 нафар депутат иштирок этиб, 24 нафари янги автомобиль харид қилиш таклифини қўллаб-қувватлади. Бир нафар депутат — Назира Элмуродова таклифни рад этиб, пулни муҳтожларга сарфлаш лозим, деди. Бироқ шуни алоҳида таъкидлашмиз керакки, янги машина харид қилиш масаласи чуқур ўйланиб, кейин бир тўхтамга келинган. Тўғри, ҳоким ‘Патриот’ русумли автомобилдан ҳам фойдаланиб келади. Аммо у машина ҳокимликка қарашли эмас. Туманда фаолият юритувчи кластерга тегишли мазкур автомобиль анча эскирган, ҳатто ҳоким иш билан шошиб йўлга чиққанда ўчиб қолиш ҳолати ёки светофорларда тўхтаб қолган пайтлари бўлган. Шу сабаб ҳам ҳокимлик масъуллари шундай қарорга келган», — дейди Шерзод Ҳасанов.

Шерзод Ҳасановнинг билдиришича, Яккабоғ ҳокимига тегишли давлат рақами 70 243 КАА бўлган Lacetti 2014 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

«Ҳозирда туман ҳокимининг машинаси хизмат вазифасини бажариш учун яроқсиз бўлгани, қолаверса, ушбу автомашина хизматидан тўрт нафар ҳоким фойдалангани, туман ҳудудининг 62,3 фоизи тоғли ҳудудлардан иборатлиги ҳисобга олиниб, шундай қарорга келинган», — дейди Яккабоғ ҳокимининг матбуот котиби.

Элмурод блогер муаллифлигидаги видео сўнгида сўз олган депутат Тўлқин Нормуродов Назира Элмуродованинг фикрига қарши чиқиб, «Амир Темур айтган, бизнинг зўрлигимизни кўрмоқчи бўлсанг, биз қурган иморатларга боқ. Сиз ҳам зўридан мининг-да, ака», —дейди.

Вилоят ҳокимининг матбуот котиби Аҳрор Содиқовнинг тушунтиришича, харид қилинган Captiva Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 апрелдаги «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра олинган бўлиб, қарорнинг биринчи иловасида туман ҳокимликларининг биринчи раҳбарлари учун  хизмат автотранспорт воситалари харид қилиш учун энг юқори нархи базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан 1000 баробардан, яъни 245 миллион сўм, двигателнинг энг юқори қуввати 2000 см3 гача белгилаб қўйилган. Шунингдек, мазкур қарорнинг 1-иловаси изоҳ қисми олтинчи хатбошида «Бориш қийин бўлган ва тоғли туманлар ҳокимлари учун хизмат автотранспорт воситасини харид қилишда двигателнинг энг юқори қуввати 3000 см3 гача оширилишига рухсат этилади» деб кўрсатиб ўтилган.

«Қолаверса, Яккабоғ тумани маҳаллий бюджетининг 2021 йилнинг биринчи чорагидаги даромади 8 миллиард 100 миллион сўмни ташкил этган. Captiva юқори турувчи ваколатли органлар билан келишилган ҳолда, рухсат олингандан сўнг харид қилинган», — дейди Аҳрор Содиқов ўзининг Telegram’даги каналида.

Аниқлик киритилишича, ҳокимлик пулини тўлаган Captiva айни кунда туманга олиб келинган. Ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.