Яна ўша спиртли ичимлик! Вафот этганлар сони 6 нафарга етди

Яна ўша спиртли ичимлик! Вафот этганлар сони 6 нафарга етди

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида спиртли ичимликдан заҳарланган 6-бемор 6-январ куни вафот этди. Бу ҳақида Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб “Gazeta.uz” маълум қилди. Ҳозирда 6 нафар бемор соғайган, бир нафари эса реанимацияда оғир аҳволда қолмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан 2 нафар шахс: А.С. (сотувчи) ва етказиб берувчи аёл Н.А.га нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “а” (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) банди билан жиноий иш қўзғатилди.
Олдинроқ Тўрақўрғон туманида 2020-йил охирларида 12 нафар фуқаро ўткир заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Аниқлик киритилишича, Тўрақўрғон туманидаги “Соҳилобод” маҳалласида яшовчи саккиз нафар йигит Янги йил арафасидаги байрам дастурхонида қўлбола ароқдан заҳарланиб, 2020-йил 31-декабр куни соат 08:10 да туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимига олиб келинган.
2021-йилнинг дастлабки кунлари эса туманнинг бошқа маҳаллаларида яшовчи яна беш нафар фуқаро алкогол суррогатидан заҳарланиш ташхиси билан шифохоналарга ётқизилган. Шу тариқа, заҳарланганларнинг умумий сони 13 кишига етган, улардан бири Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, заҳарланганлардан дастлаб икки, кейинчалик уч нафари ҳаётдан кўз юмди. Уларнинг энг каттаси 52, энг кичиги эса 36 ёшда бўлган.