Яна "Ryanair" самолёти бомба ҳақидаги хабар туфайли фавқулодда қўндирилди

Яна

Ирландиянинг "Ryanair" авиакомпаниясининг Дублиндан Краковга йўл олган самолёти бомба ҳақидаги хабар туфайли Берлинга фавқулодда қўнди. Қайд этилишича, кема экипажининг ўзи шундай қарорга келган.

Йўловчилар самолётдан эвакуация қилиниб, уларнинг барча юклари текширилган. Махфий хизматларнинг маълумотларига кўра, бортдан бомба топилмаган. Берлин полицияси йўловчилар бошқа рейс билан Польшага учиб кетишини маълум қилган.

23 май куни Афинадан Вилньюсга учаётган "Ryanair" бошқа бир самолёти Минскка фавқулодда қўндирилган эди. 

Самолёт Минскка қўниши билан "NEXTA" Телеграм каналининг асосчиси Роман Протасевич ва унинг севгилиси София Сапега Белорусь ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ҳибсга олинган. 

Кейинчалик, Белорусь транспорт ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг авиация бошқармаси Минск диспетчери ва "Ryanair" учувчиси ўртасидаги музокараларнинг стенограммасини тақдим этди. Унга кўра, аноним почта қутисидан бортда бомба борлиги ҳақида хат келган. 

"Ryanair" авиакомпаниясининг ижрочи директори Майкл О`Лири Минскда фавқулодда қўниш пайтида диспетчерлар билан музокаралар тўғрисида Белорусь транспорт вазирлигининг стенограммасини «ҳақиқий эмас ва нотўғри» деб айтди.