ЯНГИ “БОРАТ – 2” ФИЛМИ ҲАҚИДА

ЯНГИ “БОРАТ – 2” ФИЛМИ ҲАҚИДА

2006 йили “Борат” сатирик бадиий филми дунё экранларига чиққанида актёр Саша Барон Коҳен гавдалантирган қозоғистонлик журналист образи шимолдаги қўшниларимизнинг ғазабига дучор бўлган. Чунки, қозоқлар “от сийдигини ичадиган” қолоқ халқ ўлароқ кўрсатилганди. Натижада, филм Қозоғистонда тақиқланган, ҳукумат мамлакат обрўсини кўтариш учун “Нью Йорк Таймс” газетасида тўрт бетлик реклама берганди!

Ҳолбуки, филм экранларга чиққач, дунёда Қозоғистонга қизиқиш бир неча баравар ортган ва мамлакатга келадиган турист сони салмоқли миқдорда ошган! Филм, амалда, мамлакат учун бепул реклама вазифасини бажариб берган.

Атиги 18 миллион доллар сарфлаб яратилган “Борат” дунё экранларида 262 миллион доллар тўплаб, ижодкорларига катта фойда келтирган, Саша Коҳен таниқли комедия артисти деб тан олинганди.

У вақтлардан бери кўп сойлар оқиб ўтди, замон ўзгарди, интернет ва Фейсбук инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Энг асосийси – Қозоғистонда инглиз тилини яхши билгани учун ғарб ва Америка маданиятини яхши англайдиган янги қатлам етишиб чиқди.

2 ноябр куни Америкада президент сайловлари ўтказилмоқда. “Борат – 2” филми ана шундай муҳим сиёсий воқеа арафасида томошачилар ҳукмига ҳавола қилинди. КОВИД-19 туфайли бутун дунёда тарқалган эпидемия оқибатида филм катта экранларда эмас, балки “Амазон” онлайн видео сайтида экранга чиқди. “Приме Видео” обуначилари қаторида мен ҳам филмни текинга кўришга эришдим. Қолганлар эса уни пул тўлаб, уйларида диванда ёнбошлаб, телевизорда томоша қилишлари мумкин.

Аввалгиси каби, янги филм ҳам олдиндан тайёрланган сенарий асосида эмас, балки шароитга қараб, йўл-йўлакай ҳақиқий таниқли ва оддий одамларни улар билмаган ҳолда кинога қатнаштириш орқали яратилган. Аччиқ сатира билан жамиятдаги адолатсизлик ва аёлларга нисбатан шаклланган стереотиплар фош қилиниб, иккиюзламачи сиёсатчиларнинг ҳақиқий башараси очиб ташланади.

“Урушда ҳар қандай усул ишга ярайди” деганларидек, мақсадни очиб беришда ҳеч қандай ор-номусга ўрин йўқ. Шунинг учун, филмнинг илк кадрларида “3” рақами ва хўмрайган ёш бола расми кўрсатилишига қарамай, мазкур кино фақат катталарга мўлжалланган: +18. Ҳар бир саҳна қанчалик қўпол, кимларнидир таҳқирловчи ва андишасиз бўлса ҳам, уларнинг тагида бошқа воқеаларга эслатма ва танқид ётади.

“Борат - 2”нинг тўлиқ номи узундан узоқ: “Бир пайтлар халқи гуллаб-яшнаган Қозоғистон фойдаланиши учун Америка режимига ажойиб порани етказиб бериш”. Филмнинг икки саҳнасида Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳам тилга олинади. Лекин, хулоса чиқаришга шошилманг!

Энди филм мавзусига келсак.

Филм бошида Гулаг қамоқхонасида бир умр қамоқ жазосини ўтаётган Борат Саъдиевни оғир шароитлар остида кетмон чопиб, ишлаётганини кўрамиз. Ўз оғзи билан айтишича, илк филмда у америкаликларга Қозоғистонни яхши танитолмагани учун ҳукумат уни қамоққа ташлаб, жазолаётганди. Лекин, уни мамлакат "бош вазири" Назарбоев чақиртириб, Америка вице-президенти Майк Пеннга жонли совға олиб бориб, топшириш вазифасини юклайди. Совға ким дейсизми? Маймун! Филмда маймун мамлакат маданият вазири ва порно юлдузи деб танитилади.

Йўлга чиқишдан олдин, Борат оиласи ва болаларини кўргани уйига келади. Хотини қўшнисига эрга тегиб олган, ўғиллари уни оталикдан чиқарганини кўради. Қафасда ўтириб, маликага айланган қиз ҳақидаги мултфилмни кўраётган ўн беш ёшли қизи отаси билан бирга Америкага кетишни истайди, лекин Борат “аёл киши журналист бўлиши, машина миниши мумкин эмас” деб, кўнмайди. Эсингизда бўлса, ўтган йили Саудия Арабистонидаги аёлларга машина ҳайдаш ҳуқуқи берилганди.

Қозоқ қизлар қафасда ўтирмаслигини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Лекин, филм ижодкорлари бу билан, аслида, Америкага ўтаётганида чегарада тўхтатилган мексикалик ота-оналарнинг болалари катта қафасларда сақланиб, дунё жамоатчилиги эътирозига сабаб бўлганига шаъма қилади.

Шундай қилиб, тележурналист Борат Саъдиев юк кемасига ўтириб, бутун дунёни айланиб, 22 кунда Америкага етиб келади. Нега бундай бўлгани филм финалида ўзини шундай намоён қилади-ки, оғзим ланг очилиб, ижодкорларнинг фантазиясига беш кетдим!

Мен ёшлигимда “яҳудийлар болаларни ўғирлаб кетиб, сўйиб ейишади” деган гапларни эшитгандим. “Борат – 2”да ҳам Саша Коҳен 80 ёшли яҳудий аёл билан синагогда кўришиб, унга худди шу саволни беради. Синагогга келишининг сабаби эса, бош вазир берган вазифани уддалай олмагани учун террорчилар ўзини ўлдиришини кутиш эди. Чунки, синагогларга тез-тез ҳужум уюштириб турилади. Уни қаранг-ки, кечагина Австрия бошкенти Венада синагог ёнида юз берган ҳужумда бир қанча киши қурбон бўлди.

Бу орада, филмдаги 80 ёшли яҳудий онахон ҳам оламдан ўтиб кетибди.

“Бош вазир” деб кўрсатилган “Макдоналд Трамп”нинг қизи Иванка филмда эслаб ўтилган. Борат катта торт сотиб олиб, устига “Яҳудийлар бизнинг ўрнимизни олмоқчи” деб ёздиради. Сотувчига “Иванка эмас” дейди.

Ҳақиқий саҳналардан бири – президент ёрдамчиси Майк Пенн катта саройда нутқ сўзлаётганида Трамп маскасини таққан Борат елкасида қизини кўтариб кириб келади. У “Мике Пеннис (пенис – эркакларнинг жинсий олати дегани – Б.Ш.), сизга совға олиб келдим” деб бақиради. Албатта, тансоқчилар бир зумда уларни залдан чиқаришади.

Борат маска тақишга қарши кишилар паркда ўтказаётган тадбирга бориб, саҳнада ашула айтади. Ашула сўзларига аҳамият беринг: “Коронавирус – либерал партия ўйлаб топган ёлғон. Обама – сотқин, уни қамаш керак. Вуҳан гриппи тўлдирилган шприцни санчиб, саудияликларга ўхшаб, чопиш керак”.

Саудияликлар эсга олинишига сабаб журналист Жамол Қошиқчининг Истанбулдаги Саудия консулхонасида чопиб ўлдирилишидир. Обама қамалса, ўзларини олий ирқ деб ҳисоблайдиган оқ танли ирқчилар ташкилоти хурсанд бўлишлари аниқ.

Филмнинг энг қизиқиб кутилган саҳнаси собиқ Ню-Ёрк шаҳар ҳокими, пресидент Трампнинг адвокати Руди Жуллиани билан Боратнинг жоурналист бўлган қизи ўтказган ҳақиқий интервю томошачилар қотиб қоладиган даражада чиққан. Жаноб Жуллиани коронавиру ҳақидаги фикрини билдириб, шундай дейди: “Вирус лабораторияда тайёрланиб, атайлаб дунёга тарқатилган. Ҳеч замонда одам ҳам кўршапалак ейдими?”

Кўплаб яширин камералар ёрдамида суратга олинган саҳнада “қозоғистонлик” журналист қиз 76 ёшли Жуллианини ётоққа ётқизиб, қўлини шимининг ичига тиқдирадиган вазиятга олиб келиб қўйган!

Бош вазир топширган вазифани бажаролмай, ватанига қайтган Боратга Назарбоев “сен аслида вазифангни уддаладинг” деб, кечиради. Шунда Борат кетишидан олдин ўзига кўршапалакдан тайёрланган эмлаш орқали вирус юқтирилгани, кемада дунё айланиб, Хитойнинг Вуҳанига ҳам боргани, йўтал орқали вирусни тарқатгани, Австралияда уни, ҳатто, актёр Том Ҳанксга ҳам юқтиргани кўз ўнгидан бир-бир ўтади! Қозоғистон шу йўл билан “Борат” филми сабаб, устидан кулган бутун дунёдан ўч олган бўлиб чиқади. Бу, албатта, яна бир марта кулгимизни қистатади, холос.

Комедияда ҳаммаси яхшилик билан тугайди. Ўрусия Америкадаги президентлик сайловларига таъсир ўтказгани ҳақидаги гапларга шаъма қилиб, айфон қўлланишни ўрганиб олган Борат “… паролларни Ўзбекистондаги тентаклардан ўғирлаяпмиз. Шу тариқа, бутун дунёдаги сайловлар натижаларига таъсир қиляпмиз” дейди.

Юқоридаги гаплар айтилаётганида кадрларда ўзбекларга ўхшаган, компютер олдида ўтирволиб, жиддий иш билан шуғулланаётган аёллар кўрсатилади.

Лекин, энг кучли зарба барибир Америкага берилган. Борат “мен энди энг катта таҳдид яҳудийлар эмас, балки янкилар эканлигини англадим” дейди. “Янки” деганда америкаликлар тушунилади. Аммо, Америка матбуоти филм ҳақида ижобий фикрлар билдиряпти.

Филмнинг Қозоғистон ҳақидаги саҳналари Руминиядаги лўлилар қишлоғида суратга олинган. Бундан Қозоғистон туризм кенгаши раиси хафа бўлган бўлса керак. Чунки, у “Борат -2” намойишга чиқарилаётгани ҳақида эшитиб, “олдинги кино ўлкамизни дунёга танитишга ёрдам берди” дебди. Расмий шахс Қозоғистонни реклама қилишда Боратдан фойдаланиш эҳтимолини ҳам кўздан қочирмабди.

Мен 1997 йили Тошкентда сўнгги марта ўтказилган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинофестивалини журналист сифатида ёритганман. Ўша пайтларда Ҳолливуднинг машҳур юлдузи Патрик Киллпатрикдан катта интервю олиб, "Халқ сўзи - Народное Слово" газеталарида икки тилда эълон қилганман. Актёр кейинги бир жангари филмни Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида тасвирга олишни мўлжаллашаётганини айтганди. Лекин, ўша даврдаги узоқни кўра олмасдан "дунё Ўзбекистондан иборат" деб, ўз қобиғига ўралашиб қолган бошлиқлар рухсат беришмаган чоғи, бу гап гаплигича газетада қолиб кетди.

Шунинг учун, кинонинг иккита саҳнасида Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳақида айтилган гапларга ваҳима қилмаслик керак, шекилли. Зеро, “ҳар ёмоннинг бир яхшиси бордур” деган нақл бежиз айтилмаганини Қозоғистон мисоли тасдиқлайди. Ҳақиқат эса аччиқ бўлади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.