«Янги Ўзбекистон» боғига олиб борувчи кўчага Янги Ўзбекистон деб ном берилади

«Янги Ўзбекистон» боғига олиб борувчи кўчага Янги Ўзбекистон деб ном берилади

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев халқ депутатлари шаҳар кенгашининг 24 декабрь куни бўлиб ўтган сессиясида Янги Ўзбекистон кўчаси лойиҳасини тақдим этди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Янги Ўзбекистон кўчаси лойиҳаси.

Кадр: «Тошкент» телеканали / «Gazeta.uz»

Бунда гап «Янги Ўзбекистон» боғи ва қурилаётган Олимпия шаҳарчасига олиб борувчи кўча ҳақида бормоқда. Авваллари ушбу объектлар Қибрай туманида эди, 2021 йил августида пойтахт чегаралари ўзгартирилгач, улар Тошкентнинг Яшнобод тумани таркибига кирди.

Олимпия шаҳарчасининг лойиҳаси.

Кадр: «Тошкент» телеканали / «Gazeta.uz»

Шаҳар ҳокимининг сўзларига кўра, Янги Ўзбекистон кўчасига туташ ҳудудларнинг замонавий меъморий қиёфасини шакллантириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида махсус дирекция ташкил этилган. Ҳозирда «ТошбошпланЛИТИ» институти ва Туркиянинг KEYM компанияси томонидан лойиҳанинг бош режаси ишлаб чиқилмоқда.

«Мазкур ҳудудда савдо-маиший ва сервис мажмуалари, меҳмонхоналар, университет, спорт майдончалари, мактаблар ва болалар боғчалари, турар жой объектлари ва бизнес марказлари қурилиши режалаштирилган», — дея маълум қилди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Бўлажак Янги Ўзбекистон кўчаси қизил ранг билан кўрсатилган.

Харита: «Яндекс» / «Gazeta.uz»

Қайд этишларича, «Янги Ўзбекистон» боғи ва Оҳангарон—Маҳтумқули кесишмаси (собиқ ТАПОиЧ айланмаси)даги уч қаватли кўприк орасида жойлашган кўча Янги Ўзбекистон номини олади.