Янгийўлда содир бўлган аянчли воқеа бўйича жиноят иши қўзғатилди — Бош прокуратура

Янгийўлда содир бўлган аянчли воқеа бўйича жиноят иши қўзғатилди — Бош прокуратура

2020 йилнинг 30 ноябрь куни эрталаб Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги хонадонлардан бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиққани, бунинг оқибатида хонадон бошлиғи ва унинг бир нафар вояга етмаган фарзанди вафот этиб, оила бекаси ва яна бир вояга етмаган фарзанди турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилгани хабар берилганди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан тузилган тергов-тезкор гуруҳининг дастлабки хулосасига кўра, ёнғин (тўғрироғи, портлаш) ер остидан ўтган юқори босимли газ қувуридан сизиб чиққан газ тўпланиб, ҳаво аралашмаси билан қўшилиб, ёруғлик натижасида содир бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 258-моддаси (қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.