Январь-июль ҳолатига Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 21,6 млрд долларга етди

Январь-июль ҳолатига Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 21,6 млрд долларга етди

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-июль ҳолатига республиканинг ташқи савдо айланмаси қарийб 21,6 млрд долларни ташкил этди ва 2020 йилнинг мос даврига нисбатан салкам 2 млрд долларга ёки 10,1% га ўсди.

Жумладан, ўтган давр мобайнида экспорт ҳажми 8,1 млрд долларга ёки 2,0% га камайиб, импорт ҳажми 13,4 млрд долларга ёки 19,0% га кўпайди. Натижада ташқи савдода 5,3 млрд доллар қийматида пассив баланс кузатилди.

Таъкидлаш жоизки, январь-июль ойларида олтинсиз экспорт ҳажми 35% га ўсган. Бироқ импорт ўсиши билан бир вақтда жами экспорт таркибида олтин экспорти ҳажмининг қисқариши ташқи савдо пассив балансига сабаб бўлган. Ўтган даврда мамлакат олтин экспорти ҳажми қарийб икки ярим баробарга (жами экспорт таркибидаги улуши қарийб 40% дан 17% га) қисқарган.

 

2020 йил

2021 йил

Ўсиш/камайиш суръати, фоизда

Ташқи савдо айланмаси

19 582,2

21 564,0

10,1

Экспорт

8 284,0

8 117,5

-2,0

шу жумладан: олтин

3 298,5

1 366,5

-58,0

Импорт

11 298,2

13 446,5

19,0

Салдо

-3 014,2

-5 329,0

x

Олтинсиз

-6 779,5

-7 225,4

x

Эспорт (олтинсиз ҳажм)

4 985,4

6 731,0

35,0

Маълум қилинишича, Ўзбекистон дунёнинг 174 та давлати билан савдо иқтисодий алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ўтган етти ой сарҳисобига кўра, ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга мамлакатлар ўнталиги қуйидагича (млрд доллар):

  1. Хитой — 4,0 (18,7%)
  2. Россия — 3,7 (17,3%)
  3. Қозоғистон — 2,2 (10,3%)
  4. Туркия — 1,9 (8,7%)
  5. Корея Республикаси — 1,1 (4,9%)
  6. Қирғизистон — 0,5 (2,4%)
  7. Германия — 0,4 (1,9%)
  8. Афғонистон — 0,4 (1,9%)
  9. Туркманистон — 0,4 (1,6%)
  10. Украина — 0,3 (1,6%)

20 та йирик ҳамкор давлатлар орасидан фақатгина Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркия билан фаол ташқи савдо баланси кузатилган.

 

 

Ҳудудлар кесимида таҳлил шуни кўрсатадики, энг юқори улуш — жами ташқи савдо айланмасининг 39,5% қисми (8,5 млрд доллар) Тошкент шаҳри ҳиссасига, энг кам улуш — 1,1% (0,2 млрд доллар) Сурхондарё вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Давлат Статистика қўмитаси маълумотлари асосида «Газета.uz» томонидан тайёрланган

Январь-июль ҳолатига МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси 8,1 млрд долларни (жами ташқи савдо айланмасининг 37,4% и) ташкил этди. Шундан экспорт — 2,7 млрд доллар, импорт — 5,3 млрд долларга тенг.

МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмасининг энг юқори ҳажмлари Россия Федерацияси (46,3%), Қозоғистон (27,6%) ҳамда Қирғизистон (6,3%) ҳиссасига тўғри келади.

Январь-июль ойларида жами 5243 та экспортёр томонидан 6,7 млрд долларлик (олтин экспортидан ташқари) товар ва хизматлар экспорт қилинди. Бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 35,0% га юқори.

2020−2021 йиллар январь-июль ойларида Ўзбекистон экспорти динамикаси. Манба: Давлат Статистика қўмитаси

Мамлакат экспорти ҳажмида Тошкент шаҳри (25,8%) ва Тошкент вилояти (14,2%) етакчилик қилган. Энг кам улуш Жиззах вилоятида қайд этилган — 1,4%.

Маълум қилинишича, январь-июль ойларида мамлакат импорт ҳажми 13,4 млрд долларни ташкил этди. Товарлар импорти динамикаси таҳлилига кўра, январь-июль ойларида мамлакатга импорт қилинган товарлар ҳажми, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 2 млрд долларга кўпайиб, жами 12,6 млрд долларни ташкил этди. Хизматлар импорти эса 0,8 млрд долларга етди.

2020−2021 йиллар январь-июль ойларида Ўзбекистон экспорти динамикаси. Манба: Давлат Статистика қўмитаси

Импорт ҳажмининг қарийб ярми — 47,7% и Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Энг кам улуш Сурҳондарё вилоятига тегишли бўлиб, жамига нисбатан 0,9% ни ташкил этган.