Яқин кунларда бензин нархи барқарорлаши кутилмоқда – МҚКҚ вакили

Яқин кунларда бензин нархи барқарорлаши кутилмоқда – МҚКҚ вакили

Ўзбекистонда икки ҳафта ичида бензин нархи ўзгариши кутилмоқда.  Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) раиси ўринбосари Фаррух Карабаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бензин нархларига таъсир қилувчи омиллар ўрганилган. Кўрсатмалар берилиб, чоралар кўриляпти. Бу бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ишлаяпти.

“Хусусан, бензин нархи ошишида ҳам манипуляция ҳолатлари, арзон нархдаги бензинни сунъий равишда аннуляция қилиш аломатлари аниқланди. Бунга албатта керакли чоралар кўрилади. Бензин нархини барқарорлаштириш, тушириш бўйича ҳаракатлар давом этяпти, бу вақт талаб қиладиган масала. Лекин яқин кунларда нархларда ўзгариш бўлади”, - деди Карабаев.

Унинг таъкидлашича, айни пайтда бозорни тўйинтириш, арзон нархлар асосида кичик харидорларга имконият бериш масаласига эътибор қаратиляпти.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил бошидан буён Аи-80 бензини нархи ўртача 63,2 фоизга ўсгани хабар қилинган эди.