Яқин қариндошлар ўртасида энг кўп никоҳ қайд этилган ҳудудлар айтилди

Яқин қариндошлар ўртасида энг кўп никоҳ қайд этилган ҳудудлар айтилди

Ўзбекистонда 2021 йилнинг июль-сентябрь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан қариндош бўлган 675 нафар келин-куёвнинг никоҳлари қайд қилинди. 

Давлат хизматлари агентлиги маълумотларига кўра, шундан 285 нафар келин-куёв бир-бирига нисбатан холавачча, 172 нафари тоғавачча, 114 нафари амакивачча ва 104 нафари аммавачча ҳисобланади.

Энг кўп қариндошлар ўртасида никоҳ қайд қилинган ҳудудлар Сурхондарё (268 та), Қашқадарё (179 та) ва Сирдарё (40 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Маълумот учун, Оила кодексининг 16-моддасига асосан насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланади.

Мутахассислар фикрича, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ юрак-қон томир касалликларининг туғма турлари келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.