Йўллар носозлиги туфайли содир бўлган 532 та ЙТҲда 191 киши вафот этган

Йўллар носозлиги туфайли содир бўлган 532 та ЙТҲда 191 киши вафот этган

Жорий  йилнинг 20 апрель куни Kun.uz сайтида “Ким ҳақ? — Автомобил йўллари қўмитаси Сенатнинг йўллар носозлиги оқибатида юз берган автоҳалокатлар бўйича маълумотини рад этди” сарлавҳаси остида эълон қилинган хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз, деб ёзади - Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Қутбидин БУРХАНОВ.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан 2020 йилнинг 24 сентябрь куни  Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасига республикамиздаги умум фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ҳолати, уларда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари, шунингдек, содир бўлаётган йўл-транспорт ходисаларининг келиб чиқиш сабаблари ўрганиб чиқилгани юзасидан тақдимнома киритилган.

Мазкур тақдимномада ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг муҳандислари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида автомобиль йўлларининг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган, таъмирлаш ишлари охирига етказилмасдан қолиб кетган ҳамда таъмирланиши лозим бўлган жойларда 2019 йилда ва 2020 йилнинг 8 ойи ичида 532 та ЙТҲ содир бўлгани, улардан 191 киши вафот этгани ва 511 киши жароҳатлангани аниқлангани ҳақида қайд этилган.

Бу борадаги маълумотлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокамасида ҳам алоҳида айтиб ўтилган.

Жумладан, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларига қулайликлар яратиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилот ва идораларга 2017-2020 йиллар давомида жами 6 709 та тақдимнома киритилган бўлса-да, уларнинг 3 173 таси ёки 45 фоизи белгиланган муддатларда ижро этилмаган.

Бундан ташқари, мутахассислар томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлаётган автомобиль йўлларини зарур даражада таъмирлашга эътибор қаратилмагани оқибатида 2019 йилда ва 2020 йилнинг 8 ойи давомида 532 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 511 нафар фуқаро жароҳатланган ва 191 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Бу каби камчиликлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминламаган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўришни тақозо этмоқда, дея айтиб ўтилган.

Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбариятига келгусида фуқароларни атрофлича ўрганилмаган маълумотлар билан чалғитмаслик учун ташкил этиладиган матбуот анжуманлари ёки интервьюларда пухта тайёргарлик кўрган раҳбар ходимлари иштирок этишини таъминлаш тавсия этилади. Акс ҳолда бундай ҳолатлар юқоридаги каби ОАВ ва кенг жамоатчилик орасида давлат ва нодавлат ташкилотлари имижига нисбатан салбий таъсир этувчи тушунмовчиликларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг 2020 йил 24 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасига юборган  24/6-19/66-сон хати илова қилинади.