"Ёнғин хавфсизлигиданмиз, деб ноқонуний пул ундираётган фирибгарлар кўпаймоқда" — Адлия вазирлиги

Ёнғин хавфсизлиги ходими сифатида ноқонуний пул ундираётган фирибгарлар кўпаймоқда. Адлия вазирлиги фирибгарлардан огоҳликка чақирди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда туманларда махсус-формали кийим-бош кийиб юрган ёки шу кийимга жуда ўхшаш кийимдаги шахслар ўзларини "давлат ёнғин назорати органи ходими" сифатида таништириб, фуқаролардан йиллик 20–40 минг сўм атрофида мажбурий тарзда солиқ ёки коммунал тўлов сифатида ноқонуний йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Вазирликнинг маълум қилишича, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ бирон бир тўлаб борилиши шарт бўлган коммунал тўлов ёки солиқ қонунчиликда мавжуд эмас.

Адлия вазирлиги мазкур ҳолат бўйича айрим шахслар томонидан ўзларини "давлат ёнғин назорати органлари ходими" сифатида таништирган ҳолда ёлғон маълумотлар асосида фуқаролардан мажбурий тўлов тўланишини талаб этиши ноқонунийлигини маълум қилди.

Шунингдек, вазирлик фуқаролар мажбурий тарзда қуйидаги коммунал хизматлар учун тўловларни белгиланган тартибда тўлаб бориши кераклигини эслатди:

— Совуқ сув таъминоти;
 — Иситиш ва иссиқ сув таъминоти (кўп қаватли уйларда);
 — Электр таъминоти;
 — Газ таъминоти;
 — Канализация (истеъмолчи уланган бўлса).