Ёпилаётган клублар, масофадан ўқиш ва бекор қилинган янги йил: Москвада чекловлар жорий этилди

Ёпилаётган клублар, масофадан ўқиш ва бекор қилинган янги йил: Москвада чекловлар жорий этилди

Москвада коронавирус тарқалиши сабабли янги чекловлар киритилмоқда. Бу борада шаҳар мэри Сергей Собяниннинг фармони эълон қилинди.

 Ҳужжатда қайд этилишича, чекловлар 13 ноябрдан 2021 йил 15 январгача амал қилади.

 Олий ўқув юртлари ва коллеж талабалари масофадан ўқишга ўтади. Уларнинг транспорт карталари вақтинча блокланади. 

 Ресторан, қаҳвахона, бар, тунги клуб, боулинг ва бошқа муассасалар 23:00дан 6:00гача ишламайди. Таом етказиб бериш хизмати тўхтатилмайди. 

Театр, кино ва концерт залларида томошабинлар сони зал сиғимининг 25 фоизидан ошмаслиги лозим.

Маданий, кўргазма, маърифий, кўнгилочар ва бошқа тадбирларни томошабинлар иштирокида ўтказиш тақиқланади. Спорт тадбирларини Москва спорт департаменти ва Роспотребнадзор бошқармаси билан келишилган ҳолдагина ўтказиш мумкин.

РБКнинг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, пойтахтда янги йил сайиллари, рождество бозорлари ва фестиваллари бекор қилинган.

Маълумотларга кўра, Москвада охирги суткада 5902та янги ҳолат аниқланган. Россияда коронавирус юқтирганлар сони 1 млн 817 минг нафардан ошган.