“Йўқ жойдан юз миллионлаб зарарга кириб қолдим” — Трастбанк филиали тадбиркорнинг 2 млрддан ортиқ пулини ноқонуний “айлантирган”

“Йўқ жойдан юз миллионлаб зарарга кириб қолдим” — Трастбанк филиали тадбиркорнинг 2 млрддан ортиқ пулини ноқонуний “айлантирган”

Фото: Kun.uz / trustbank.uz

Термиз шаҳрида фаолият юритувчи “Great Abeka” МЧЖ раҳбари Бекзод Худойбердиевнинг мурожаатини ўрганди — дея хабар бермоқда 'Kun.uz' нашри.

Худойбердиевга кўра, унинг фирмасига хизмат кўрсатувчи Трастбанк хусусий акциядорлик банки Термиз филиалида очилган ҳисобрақамидаги 2 млрд 352 млн сўм пуллар шу филиал масъул ходимлари томонидан, унинг рухсатисиз ва хабарисиз, 2021 йил феврал–март ойларида ўнлаб фирмаларга турли шартномалар асосида чиқариб юборган ҳолда талон-торож қилинган.

Худойбердиевнинг айтишича, ундан бехабар ҳолда чиқариб юборилган пулларнинг 1 млрд 330 млн сўми ўша даврнинг ўзида (феврал–март) ҳисобрақамга қайтариб қўйилган. Аммо 969,5 млн сўм пул қайтарилмасдан қолган.

Шундан сўнг тадбиркор 2021 йил 10 апрел куни банкнинг республика бошқаруви раиси номига шикоят йўллаган.

Унинг бу мурожаати ишчи гуруҳи тузилган ҳолда ўрганилган ва “Great Abeka” МЧЖ ҳисобрақамидан асоссиз чиқим қилинган деб топилган 969,5 млн сўм ҳам тадбиркорга қоплаб берилган (бу ҳақда Трастбанк ХАБ томонидан 2021 йил 15 июл куни тадбиркорга йўлланган жавоб хатида айтилади).

Аммо тадбиркорнинг айтишича, чиқариб юборилган пул унга 52,7 млн сўм кам тафовут билан қайтарилган. Бундан ташқари, тадбиркорга унинг хабарисиз, банк ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан қилинган шартномавий операциялар ҳисобига 95,8 млн сўм ҚҚС ва 2,3 млн сўм банк хизматлари учун тўлов мажбурияти ҳам юзага келган.

Шунингдек, тадбиркор Трастбанк Термиз филиали томонидан 2021 йил 27 март куни 01-сонли кирим мемориал ордери билан 137,5 млн сўм ҳамда 2021 йил 29 март куни 5-сонли кирим мемориал ордери билан 55,5 млн сўм пул маблағлари жамият ҳисобрақамига кирим қилиниши бўйича мемориал ордер тасдиқланиб берилган бўлса-да, ушбу маблағлар ҳам “Great Abeka” МЧЖнинг ҳисобрақамига кирим бўлмаганини айтмоқда.

Тадбиркор ўзига асоссиз юк бўлган ҚҚС, банк хизматлари учун ҳисобланган тўлов ва 2 та мемориал ордер бўйича олинган пуллар ҳисобрақамда кўринмагани ҳақидаги важлар жавобсиз қолаётганидан хавотирда.

“Тадбиркор сифатида мен учун ҳар бир сўмим қадрли ва аҳамиятга эга. Йўқ жойдан юз миллионлаб зарарга кириб қоляпман. Энди пулларимни банкда сақлашга қўрқиб ҳам қолдим”, – дейди “Great Abeka” МЧЖ раҳбари Бекзод Худойбердиев.

Банкнинг тадбиркорга йўллаган жавоб хатидан маълум бўлишича, бўлиб ўтган воқеалардан сўнг 2021 йилнинг июль ойида Трастбанк Термиз филиали бошқарувчиси, бош бухгалтери ва яна икки нафар масъул ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари ўз хизмат вазифасини қўпол равишда бузгани сабабли Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан бекор қилинган. Бир нафар ходимгa ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган.

Kun.uz ҳолат юзасидан банк матбуот хизмати ходими билан боғланиб, изоҳ олишга ҳаракат қилди. Аммо бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳамки, йўлланган саволлар жавобсиз қолдирилди.

Бекзод Худойбердиевга Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан берилган жавоб хатида ҳолат юзасидан Трастбанк ХАБ Термиз филиали мансабдор шахсларига нисбатан шу йил 29 июлда Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлимида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилади.

Маълумот олиш мақсадида Сурхондарё вилоят прокуратураси ахборот хизмати билан боғландик. Масъул ходим Трастбанк ХАБ Термиз филиали мансабдор шахсларига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини тасдиқлаб, ишнинг қолган тафсилотлари тергов сири ўлароқ ошкор қилинмаслигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, бу – банк ходимларининг мижозлар пулига хиёнат қилиши билан боғлиқ жамоатчиликка маълум биринчи ҳолат эмас.