Ёш депутат коррупционер-мансабдорлар мол-мулкини очиқ декларация қилса, уларни амнистия қилишни таклиф қилди

Ёш депутат коррупционер-мансабдорлар мол-мулкини очиқ декларация қилса, уларни амнистия қилишни таклиф қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев мансабдор коррупционерларни “тўғри йўлга” чақириш учун ўз таклифларини эълон қилди.

“Давлат раҳбарининг мурожаатида коррупцияга қарши курашиш учун янги идора ташкил этилиши маълум қилинганидан кейин ҳаммамиз коррупцияни йўқотишда бу ташкилотнинг қанчалик кераклиги тўғрисида оғиз тўлдириб гапиришни бошладик. Лекин бу ташкилотда ким ишлашини, яна ўша эски орган одамлари, амалдорлар билан тўлдирилишини ўйласам, бу янги идора ҳам ўзини оқлашига шубҳа қилиб қоляпман.

Хўш унда коррупция билан курашишда қандай тезкор, самарали усулдан фойдалансак бўлади? Идеал вариант ҳудди Сакашвили бошчилигида Грузияда қилингани каби эски сиёсий элитани “люстрация” қилиш, ҳамма амалдор ва давлат ишчиларини, айниқса назорат ва ижро органлари соҳасидагиларни ёппасига ишдан бўшатиб, тизимда ишламаган янги ва ёш кадрлар билан тўлдириш. Лекин, афсуски, буни бизни жамиятда, бизнинг менталитетдан келиб чиқиб амалга оширишнинг деярли иложи йўқ. Бу сиёсий, ижтимоий вазиятни издан чиқариб юбориш мумкин. Қолаверса, уларни ўрнини тўлдириш учун кадр заҳирамиз ҳам етарли эмас.

Бу борада мен бошқа вариантни таклиф қиламан, «Оммавий амнистия эълон қилиш». Яъни ҳамма мансабдорлар (катта-кичик) бугунги кунгача топган бойлигини, мол-мулкини очиқ декларация қилса, коррупция орқали орттирилган бойлигидан дейлик 10-20% солиқ тўлаш шарти билан кечирилса ва бу учун уни ҳеч қачон жазоланмаса, бу ўз эффектини беради деб ўйлайман. Керак бўлса буни энг юқоридаги мансабдорлар бошлаб бериши лозим, токи қолган ўрта ва қуйи поғонадагилар ҳақиқатда ҳеч ким жазоланмаслигига ишониб, ўз «хазиналарини» омма олдида тўла кўрсатишади. Айнан мана шу ерга келганда бу жараёнларни шаффофлик билан амалга ошириш талаб этилади.

Тўғри бу фикрим кўпларга ёқмас, аҳмоқона фикрдек туюлар, коррупция орқали бойиган мансабдорлар кечирилишини адолатсиз деб ҳисоблашар. Лекин вазиятга реал ёндашилса, бу тўғри ечим деб биламан. Чунки тан оладиган бўлсак, бизда эски тизимда ишлаб, коррупцияга аралашмаган бирор мансабдор борми? Модомики янги ташкилотда ҳам ўша эски амалдорлар ишларкан, ўзини ҳам коррупция билан боғлиқ ўтмиши бор одам сизнингча бошқа коррупционерларга қарши қаттиқ кураша оладими? Табийки йўқ, чунки «Қарға қарғани кўзини чўқимайди» деган халқимизнинг доно бир гапи бор.

Шундай экан, яхшиси, бўлар иш бўлди, айбдорни ахтармасдан, ўтмиш эшикларини ёпиб, янги тоза системани нолдан бошлашимиз керак. Aгар бу амниция имкониятидан кейин ҳам кимдир коррупцияга аралашса унга жуда қаттиқ жазо чораларини кўриш лозим. Чунки янгитдан бошланганда ҳалол меҳнат учун ҳаммага тенг имконият берилган бўлади.

Қолаверса, ўртада давлат ғазнасига бемалол бир-икки миллиард пул туширсак бўлади. Модомики ҳамма коррупционерларни қамалмаганимиздан кейин, ҳеч бўлмаса улардан солиқ ундиришни нимаси ёмон. Иккинчидан, бизда ҳам кейин кимни қанча пули бор, энг бойлар ким, ҳамма маълумотлар очиқ бўларди, давлатимизнинг норасмий бойлари ҳам ўз маблағларини қўрқмасдан ўз банкларимизда сақлашарди, шу баҳона хуфиёна иқтисодиёт ҳам қисқарарди".