«Юксалиш» раҳбари: Россиянинг тақиқлари ЖСТга аъзоликни тезлаштириш лозимлигини эслатмоқда

«Юксалиш» раҳбари: Россиянинг тақиқлари ЖСТга аъзоликни тезлаштириш лозимлигини эслатмоқда

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, қуйи палата депутати Бобур Бекмуродов Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига Россия томонидан қўйилган тақиқлар юзасидан муносабат билдирди.

«‘Росселхознадзор’ томонидан вирус аниқланганлиги важи билан Фарғона, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига импорт тақиқининг қўйилиши республика экспорт ҳажмларига жиддий таъсир ўтказмайди», — дея таъкидлади депутат.

Депутат, шунингдек, ҳозирда дунёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнлар ўзгарувчан характерга эгалигини қайд этди.

«Бундай ҳаракатлар ташқи бозорларимизни диверсификациялашга жиддий эътибор қаратиш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни тезлаштириш лозимлигини яна бир бор эслатмоқда», — деди Бекмуродов.

Эслатиб ўтамиз, «Росселхознадзор» 26 ноябрь куни Фарғона вилояти, 4 декабрь куни Навоий вилоятидан Россияга олиб келинадиган помидор ва қалампирларда ҳам шундай вирус аниқлангани сабабли тақиқ қўйди. Кейинчалик қуритилган ўрик партиясида хавфли зараркунанда — капр қўнғизи аниқлангани сабабли Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришга тақиқ жорий этди. 11 декабрдан бошлаб эса Қашқадарёдан помидор ва қалампир олиб киришга тақиқ қўйди.

Бундан ташқари, 8—9 декабрь кунлари «Росселхознадзор» бошқа мамлакатлардан бир қатор маҳсулотларни олиб кириш тақиқланганлигини эълон қилди. Хусусан, 10 декабрдан Озарбайжонда етиштирилган помидор ва олмаларнинг Россияга олиб кирилишини тақиқлади. Бунга ушбу маҳсулотларда зараркунандалар топилгани сабаб бўлди.