«Ювентус» А Сериядан четлатилиши мумкин

«Ювентус» А Сериядан четлатилиши мумкин

Италия футбол федерацияси раҳбари Габриэле Гравина «Ювентус» клуби Европа Суперлигасини тарк этмаса, А Сериядан четлатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Қоидалар барча учун баробар. Агар «Ювентус» келаси мавсум стартигача Европа Суперлигасини тарк этмаса, Турин клуби А Серияда иштирок эта олмайди.

Албатта, бу энг аввало мухлислар учун аламли бўлади, аммо қоидалар ҳамма учун баробар. Умид қиламанки, «Юве» раҳбариятининг қаршилиги тез орада тугайди», - дея Гравинанинг сўзларини келтирмоқда Sky Sports.

«Реал», «Барселона» ва «Ювентус» клублари Суперлиганинг таъсисчи клублари сафини тарк этишни истамаяпти. Қолган 9 клуб турнирни тарк этганини маълум қилган.

Аввалроқ, клублар Суперлигани тарк этмаса, УЕФА кейинги мавсумда жамоаларни еврокубоклардан четлатиши ҳақида хабарлар тарқалганди.

Маълумот учун, «Ювентус» «Милан» билан ўйиндаги мағлубиятидан (0:3) кейин А Серия якунланишига уч тур қолганда 69 очко билан 5-ўринга тушиб кетди. Жамоа тўртликка кира олмаса, ЕЧЛ эмас, Европа лигасида иштирок этиши мумкин.