Зангиотада 91,5 млн сўмлик «Ремдесивир» дори воситасини 12 минг долларга сотишга уринган шахс ушланди

Зангиотада 91,5 млн сўмлик «Ремдесивир» дори воситасини 12 минг долларга сотишга уринган шахс ушланди

Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманларида пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Х.Б. исмли фуқаро пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини қиммат нархларда сотиб, даромад орттирмоқчи бўлгани аниқланди. У хорижда ишлаб чиқарилган 218 қути «Ремдесивир-Рамеда 100 мг Виал 20 мл» номли дори воситасининг ҳар бир қутисини 600 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 12 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Экспертиза хулосасига кўра, 218 қути дори воситасининг умумий баҳоси 91,5 миллион сўмни ташкил этган.

Шунингдек, Департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан ўтказилган тадбирда уч нафар фуқаро олдиндан тил бириктириб, дори воситаларини дорихона ва унинг филиалларидан ташқарида муомалага киритиш орқали даромад орттирмоқчи бўлгани аниқланган. Улар 63 қути «Клексан» номли дори воситасини ҳар бирини 900 минг сўмдан баҳолаб, жами 57,6 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.