Зангиотадаги ковид-касалхонада беморларнинг катта навбати юзага келгани акс этган видео юзасидан изоҳ берилди

Зангиотадаги ковид-касалхонада беморларнинг катта навбати юзага келгани акс этган видео юзасидан изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Зангиотадаги коронавирусга чалингани гумон қилинган беморларни даволашга мўлжалланган юқумли касалликлар шифохонаси коридорлари одамлар билан тўла экани (уларнинг аксарияти касалликка чалингани тахмин қилинмоқда), тартибсиз муҳит юзага келгани, ҳар ёқдан йўтал овозлари эшитилаётгани акс этган видеоёзувлар тарқалди.

Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов «Дарё» мухбири билан суҳбатда видеоёзувлардаги ҳолат ҳақиқатан ҳам Зангиотадаги касалхонада юз бергани, бундай ҳолат 1 июль куни соат 19:00 атрофида кузатилганини тасдиқлади.

«Беморлар оқими кескин ошиб кетганлиги ва улар сараланмагани, барча беморларнинг МСКТ, рентген, ПЗР анализларини олиб, саралаш учун кўп вақт ва ресурс талаб этилгани сабабли шундай тирбандлик пайдо бўлган», — дейди шифокор Миразимов.

Касалхона раҳбарининг қўшимча қилишича, видеода акс этган ҳолат («тирбандлик») соат 22:00 га келиб бартараф этилган, бунинг учун барча бўлим мудирлари, катта ҳамширалар ва бўш персонал ёрдамга сафарбар қилинган.