ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси таркиби ва хусусиятлари қандай, уни қабул қилишдан қўрқяпсизми?..

ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси таркиби ва хусусиятлари қандай, уни қабул қилишдан қўрқяпсизми?..

Саволларга Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази илмий ходими Музаффар Муминов жавоб берди.

— Ушбу вакцина COVID-19 вируси ташқи гликопротеинининг (яъни тождор қисмининг) рецепторга боғланувчи қисмини (инглизча қисқартма: NCP-RBD) махсус CHO рекомбинант ҳужайраларида биотехнологик технологиялар ёрдамида кўпайтирилиб, тозаланиб ва иммун жавобни кучайтириб берувчи алюминий гидроксиди қўшиш орқали тайёрланган.
Организмга юборилганда, айнан ушбу оқсилга нисбатан антитаналар ҳосил бўлади. Шундан сўнг, организмга COVID-19 вируси кирадиган бўлса, антитаналар ушбу вирусни таниб, уни зудлик билан парчалаб ташлайди. Натижада, эмланган инсонда инфекцияга алоқадор белгилар умуман кузатилмаслиги ёки касаллик ўта енгил ўтиб кетиши мумкин.
Шу ўринда, ушбу усулда вакцина олиш жараёнида вирус ишлатилмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Қолаверса, тайёрланган вакцина таркибида анъанавий усулда тайёрланган вакциналардан фарқли равишда вирус мавжуд эмас. Шу сабабдан ҳам ушбу вакцина қабул қилинганда COVID-19 вирусининг қайталаниш ҳодисаси кузатилмайди.