ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 2- ва 3-дозалари билан кечроқ эмланишнинг зарари борми?

ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 2- ва 3-дозалари билан кечроқ эмланишнинг зарари борми?

Юртимиз аҳолисининг катта қисми Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмлангани муносабати билан вакцина олганлар рўйхатини тартибга солиш ва жараённи тўғри режалаштириб олиш мақсадида мазкур вакцинанинг 2- ва 3-дозаларини олишнинг кечиктирилиши ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан бошланган оммавий эмлаш жараёнига салбий таъсир қилмайди. 

Эмлашнинг қисқа муддатли кечиктирилиши 1- ёки 2-дозадан кейин вакцина туфайли организмда ҳосил бўладиган антитаналар миқдорига ёки бошқа кўрсаткичларга таъсир кўрсатмайди.

Илмий-тадқиқотлар ҳамда кўп сонли аҳоли ўртасидаги оммавий эмлашнинг дастлабки натижаларига кўра Хитой Халқ Республикаси дори воситаларини назорат қилиш агентлиги (CDC) томонидан вакцинанинг 1-дозаси ва 2-дозаси ўртасидаги оралиқни 2 ойгача чўзишга, иккинчи ва учинчи дозалар оралиғини эса 3 ойгача чўзишга рухсат берилган ва Хитойда бу амалиёт жорий қилинган. Ҳозирда Хитойда мазкур ZF-UZ-VAC2001 вакцина билан 0, 2, 6 ой схемасида 140 миллион киши эмланган ва жараён давом этмоқда.

ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси устида борилган тадқиқотлар иккинчи ва учинчи дозалар оралиғидаги вақтнинг узайиши кўпроқ антитаналарнинг ҳосил бўлиши ва у кўпроқ муддат давомида сақланиб қолишига замин яратишини тасдиқламоқда. Бу тўғридаги маълумотлар қуйидаги ҳаволадаги илмий мақолада келтирилган: www.biorxiv.org ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасини ишлаб чиқарувчилар томонидан берилган маълумотларга кўра, иккинчи ва учинчи доза ўртасидаги вақт интервалини ошириш коронавируснинг турли штаммларига нисбатан нейтраллашувчи титрларининг ошишига олиб келади.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан захирадаги ZF-UZ-VAC-2001 ўзбек-хитой вакцинасини фақат 1-доза билан эмлашга кўрсатма берилиши туфайли ижтимоий тармоқларда тарқалган «вакцинанинг аҳоли билмайдиган қандайдир ножоиз таъсири чиққани» тўғрисидаги тахминлар ёки «вакцина етишмас экан» деган миш-мишлар  асоссиз эканини таъкидлаймиз. 

Агар вакцинанинг ножўя таъсири аниқланганида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳоли ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 1-дозаси билан эмланишига рухсат берилмаган бўлар эди. Қолаверса, жорий йилнинг 5-6 август кунлари 2 млн.доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси юртимизга олиб келинди ва шу ойнинг ичида яна 2 млн доза олиб келинади. Ҳукумат томонидан Ўзбекистонда икки турдаги вакцинани, жумладан, ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини ишлаб чиқариш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда ва  август ойининг охирига қадар бу ишлар йўлга қўйилади.

Глобал пандемия даврида барчани эмланишга ва карантин қоидаларига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарорларига қатъий амал қилишга чорлаймиз!

Инновацион ривожланиш вазирлиги
Ахборот хизмати